Ўзбекистонда мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизими — IMEI-кодларини клонлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу борада тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ҳақида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар қилди.

Бошқарма маълумотларига кўра, сўнгги вақтларда фуқароларнинг уяли телефон аппарати йўқолгани ҳақидаги хабарлар кўпаймоқда. Воқеа тафсилотларини аниқлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари терговга қадар текширув ўтказади, жиноят аломатлари бўлса, жиноят иши қўзғатилади.

Мобил қурилманинг IMEI-кодидан жиноятчини топиш ва уяли телефон аппаратини эгасига қайтариш учун фойдаланилади.

«Бироқ, технология ривожланиши билан бир қаторда жиноят изларини яшириш усуллари ҳам шунга монанд ривожланиб бормоқда. Яъни жиноятчилар эндиликда клонланган IMEI-кодларини яратишмоқда. Бундай клонланган IMEI-кодларини эса автоматик аниқлаш ва блокировка қилишнинг техник тартиби жорий этилмаган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, клонлаш қуйидагича амалга оширилади: махсус дастурий таъминот воситасидан фойдаланган ҳолда IMEI-коди битта мобил қурилмадан бир ёки бир нечта мобил қурилмаларга узатилади ва натижада тармоқда бир хил IMEI-коди бўлган бир нечта мобил қурилмалар пайдо бўлади.

«Бу ишларни амалга ошираётганлар халқ орасида chаnger (ченжер) деб аташади. Айнан улар IMEI-кодларни клонлаштириш билан шуғулланади. Бу ўз навбатида ўғирланган уяли телефонларни излаб топишни қийинлаштириб, ноқонуний олиб кирилган мобил қурилмаларни республика ҳудудида рўйхатдан ўтказиш имконини беради», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, айни пайтда мобил қурилманинг халқаро идентификация кодини ноқонуний равишда ўзгартирганлик учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик мавжуд эмас.

«Бу эса жиноят изларини яширувчи шахслар жазосиз қолишига сабаб бўлмоқда. Бу каби казусли ҳолатни бартараф этиш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли нормаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда», — дейилади бошқарма ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Озарбайжон мобиль телефонларни рўйхатга олиш соҳасидаги ҳамкорлик доирасида йўқолган ва ўғриланган IMEI-кодларнинг ягона «қора рўйхати»ни яратишга келишиб олгани ҳақида хабар берилганди.