2-сонли Зангиота ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Батирович Миразимов Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий маркази директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақдаги буйруқни соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов имзолади, деб хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Тиббиёт фанлари номзоди Дониёр Миразимов профессионал фаолиятини айнан Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказида кичик илмий ходим сифатида бошлаган. Шундан кейин ушбу муассасада шифокор-нейрохирург, бош шифокор бўлиб ишлаган.

Бундан ташқари, Дониёр Миразимов Соғлиқни сақлаш вазирлигида бош бошқарма бошлиғи, Вазирлар Маҳкамасида шўба мудири каби масъул лавозимларда фаолият кўрсатган.

У 2020 йилдан бери 2-сонли Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси директори вазифасида ишлаб келаётган эди.

«Газета.uz» Дониёр Миразимов билан нейрохирургия марказининг 2-сонли Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига кўчирилиши ва мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида бир қанча интервьюларини эълон қилганди.