31 январь куни Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг мурдаси зўрлик ва қотиллик аломатлари билан топилганди. Бош прокуратура унинг вафотида 29 ёшли эркакни гумондор деб топиб, қўлга олди. Марҳуманинг оила аъзолари қотиллик юз берган маҳалланинг кўчалари ёритилмаслиги, ёлғизоёқ кўчалар ҳам кўплиги, қолаверса, йўлларда камералар йўқлиги ҳақида эътироз ҳам билдирганди.

Туман ҳокимлиги матбуот котибининг «Газета.uz»га маълум қилишича, қизчанинг жасади топилган ташландиқ майдон ҳозирда тозаланиб, ободонлаштириш ишлари бошланди.

Ҳозир тумандаги 12-автобус саройи ҳудудидан бошлаб ташландиқ дала майдонигача тозалаш, ободонлаштириш ишлари кетмоқда. Дарахтларнинг ортиқча шохлари олиниб, йўллар очилади, чироқлар ўрнатилади, дейилади хабарда.

Келтирилишича, февраль ойида «Очиқ бюджет» лойиҳаси доирасида камералар ўрнатиш бўйича ташаббус киритилади.

Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ушбу жойга кичкина ёдгорлик ўрнатишни таклиф қилди.

«Мен ушбу жойга кичкина ёдгорлик ўрнатишни таклиф қиламан — бир туп атиргул бутасида очилмай турган ғунча тимсоли акс этган. Муслимани унутмаслигимиз учун, бундай фожианинг такрорланишига йўл қўймаслигимиз учун», деди у.