Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бўйича бошқармаси экстремистик ғояларни тарғиб қилувчи виртуал гуруҳ очишда гумонланган фуқарони қўлга олди.

Наманган шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган С.М. ижтимоий тармоқлар орқали деструктив кучлар таъсирига тушиб қолгани ва Telegram мессенжерида виртуал гуруҳ ташкил қилгани айтилмоқда.

Гуруҳга Наманган шаҳрида яшовчи — 1986−1995 йиллар оралиғида туғилган 9 нафар шахс аъзо бўлган. Гумонланувчи унга террористик ва экстремистик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Бухорий, Маҳмуд Абдулмўмин, Абу Салоҳларнинг ҳижрат ва жиҳод тўғрисидаги маърузаларини жойлаган.

«Гуруҳ аъзоларини Суриядаги „Тавҳид ва жиҳод катибаси“ террористик ташкилоти сафига қўшилишга даъват қилган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан С.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, гуруҳ аъзоларининг хатти-ҳаракатларига нисбатан ҳам терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.