Шавкат Мирзиёев Туркия президентига ҳамдардлик йўллади

Туркияда 7 балли зилзила рўй бериб, оқибатда кўплаб одамлар ҳалок бўлди. Шавкат Мирзиёев президент Режеп Таййип Эрдоғанга ҳамдардлик йўллади. Ўзбекистон ТИВ ҳозирча зилзилада ўзбекистонликлар жабрлангани бўйича мурожаат келиб тушмаганини маълум қилди.

Ўзбекистон Туркияга гуманитар ёрдам ва қутқарувчиларни жўнатади

Ўзбекистон Туркияга зилзиладан жабр кўрганлар учун гуманитар ёрдам ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бир гуруҳ қутқарувчиларини жўнатади.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Туркиядаги фуқароларга мурожаат йўллади

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркиянинг жанубий вилоятларида бўлиб турган фуқароларга мурожаат қилди. Кўчада қолинг, лекин бинолар ёнида турманг, очиқ жойга ўтинг, — дейилади хабарда.

«Ўзининг брендини яратса, халқнинг ўзи боқади». ССВ раҳбари — шифокорларнинг ойлиги камлигига ечим ҳақида

Соғлиқни сақлаш вазири ойлиги кундалик харажатларига етмаётган шифокорларга кутилмаган таклиф билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, бемор меҳр билан даволанса, ўзи рози бўлиб, баракасини бериб кетади. «Ўзини брендини яратса, халқнинг ўзи боқади», — деди Амрилло Иноятов.

«Бемор берган маблағни эътироф этиш мамлакат сиёсатига зид». Антикоррупция агентлиги жамоатчилик кенгаши ССВ раҳбарининг таклифи ҳақида

ССВ раҳбари ойлиги харажатларига етмаётган шифокорларга «беморга меҳр билан ёндашсангиз, ўзи сизга бериб кетади» мазмунида таклиф билдирганди. Антикоррупция агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашига кўра, бу мамлакат сиёсатига зид ҳаракат ва тизимга халқнинг ишончи камайишига сабаб бўлади.

12 ёшли қизнинг жасади топилган ҳудудда ободонлаштириш ишлари бошланди

Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг жасади топилган ташландиқ ҳудудни ободонлаштириш ишлари бошланди. Ҳудуддаги дарахтларнинг ортиқча шохлари олиниб, йўллар очилади, чироқлар ўрнатилади. Аввалроқ марҳуманинг бувиси кўчалар ёритилмаслиги, камералар йўқлигидан шикоят қилганди.

Наманганда фуқаро экстремистик ғояларни тарғиб қилувчи виртуал гуруҳ очганликда гумонланмоқда

Наманганда фуқаро Telegram`да экстремистик ғояларни тарғиб қилувчи 9 кишилик гуруҳ очиб, унда Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти сафига қўшилишга даъват қилиб келгани айтилмоқда. Ҳолат бўйича жиноят иши очилди.

Полат Шамшетов юрак хуружидан вафот этган — Бош прокуратура

Бош прокуратура Нукус воқеалари бўйича судланган Полат Шамшетов ўлими юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизаси натижасини эълон қилди. Унга кўра марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.

Ўзбекистондан АҚШ визаси учун берилган аризаларнинг 47 фоизи рад этилди

АҚШ 2022 йилда туристик ва ишбилармонлик визаси учун ўзбекистонликлар топширган аризаларнинг 47 фоизини рад этди, бу 2021 йилга нисбатан ёмонроқ, бироқ аввалги йилларга қараганда яхшироқ кўрсаткич саналади.

Ҳафта ярмидан ҳаво яна совий бошлайди

Ўзбекистонда 6−8 февраль кунлари ҳаво илиқ бўлади. Ҳарорат +20 даражагача кўтарилади. Бироқ ҳафта ўртасида мамлакатга Россиядан совуқ антициклон кириб келади. Кундузи ҳарорат −2 даража, кечаси -12 даражагача пасайиши мумкин.

Франция компанияси Тошкентдаги объектларга қуёш панеллари ўрнатади

Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосарлари Франция компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда пойтахтдаги қатор объектларга қуёш панелларини ўрнатишга қаратилган лойиҳа муҳокама қилинди. «Лойиҳанинг техник, иқтисодий ва ҳуқуқий ҳужжатлари такомилига етказилмоқда», — дейилади ахборотда.

Тошкент ва Жиззахда содир бўлган 4 та ЙТҲда 4 киши вафот этди

27−30 январь кунлари оралиғида Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида одам ўлими билан боғлиқ 4 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда 4 нафар фуқаро вафот этган, 2 нафари жароҳатланган.

Ўзбекистонда «Ташаббусли бюджет»нинг янги мавсуми бошланди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ташаббусли бюджетлаштиришнинг янги мавсуми бошланганини эълон қилди. Унда фуқаролар инфратузилма, йўл, мактаб ва бошқа объектларни яхшилаш бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг бир қисмини тақсимлашда иштирок этади. Таклифлар 26 февралгача қабул қилинади.

Нукус воқеалари бўйича янги суд жараёни бошланди. 39 нафар судланувчига айблов эълон қилинди

Ўтган ёзда Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларда иштирок этганликда гумон қилинган яна 39 нафар фуқаро устидан Бухорода суд жараёни бошланди. Улар орасида банк ҳуқуқшуноси, адвокат, журналистлар, ҳайдовчилар, ишсизлар ва бошқалар бор. Уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Қашқадарёда «Агробанк» филиали мансабдорлари салкам 4 млрд сўмни талон-торож қилгани айтилмоқда

«Агробанк» АТБ Қамаши тумани филиали мансабдор шахслари салкам 4 млрд сўмни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Тергов давомида уларнинг 3 нафарига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

«Бу банкни обрўсизлантириш ҳисобланади». «Агробанк» Қашқадарё вилояти прокуратураси тарқатган хабарга муносабат билдирди

«Агробанк» АТБ Қашқадарё вилояти прокуратураси тарқатган банкнинг Қамаши филиали томонидан 4 млрд сўм талон-торож қилингани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди. «ОАВ орқали маълумот тарқатиш шахснинг ҳуқуқини поймол қилиш ва банкни обрўсизлантириш деб ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон ва Испания ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши мумкин

Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонасида Испания сайёҳлик компанияларидан бири билан икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри ва чартер рейсларини йўлга қўйиш муҳокама қилинди. Бу бўйича бир неча соҳа вакиллари учун инфотур ташкиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фоторепортажлар:

Фото: Бензинга навбат

Авваллари йилда бир ё икки марта рўй берадиган нарх ўсиши арафасида кузатиладиган, сўнгги 5−6 йилда эса «аввалги замон»да қолиб кетгандек туюлган бензинга навбатлар бу йилги қиш мавсумида яна кун тартибига қайтди. «Газета.uz» мухбири Тошкент АЁҚШлардаги навбатларни фотосуратларга муҳрлади.

«Катта Лангар — жаннатмонанд жой». Ўзбекистондаги тоғ қишлоғи Ильдар Садиков фотонигоҳида

Ильдар Садиков — тошкентлик жанр ва стрит-фотосуратчилардан. У Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларига кўп саёҳат қилади ва маҳаллий аҳоли ҳаётини суратга олади. Шундай жойлардан бири — Шаҳрисабздан 70 км масофада жойлашган, ўзгармай келаётган архитектурасига бетон хавф солаётган Катта Лангар қишлоғидир.