Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг Фарғонада тиббиёт ходимлари ва ОАВ вакиллари билан учрашувда «беморга меҳр билан ёндашсангиз, рози бўлиб, ўзи сизга бериб кетади» мазмунида айтган сўзлари тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши муносабат билдирди.

Кенгаш вазирлик раҳбариятининг коррупциянинг олдини олиш бўйича бошлаган ишларини қўллаб-қувватлайди. Бироқ шифокорларни рағбатлантириш йўлларидан бири сифатида беморлар берган маблағнинг эътироф этилиши қонунчиликка ва мамлакатда олиб борилаётган коррупцияга қарши курашиш сиёсатига зид ҳаракат сифатида қайд этилди.

«Мазкур таклиф тизимда коррупциявий жиноятлар сонининг ортишига ҳамда шифокор касби мавқеининг пасайишига, соғлиқни сақлаш тизимига халқнинг ишончи камайишига сабаб бўлади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ССВ ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг қўшма баёнотида «Тиббиёт ходимларига муносиб меҳнат шароитини яратиш ва даромадини ошириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича амалий чоралар кўриш, бунда, тиббиёт ходимлари малакасига, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми, мураккаблик даражаси ва сифатига қараб меҳнатга ҳақ тўлашнинг тоифаланган замонавий механизмларини жорий этиш» белгиланган.

Жамоатчилик кенгаши шифокорларни рағбатлантиришда беморлардан пул олиш сингари (ихтиёрий ёки ихтиёрий эмаслигидан қатъи назар) ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф этиш ҳамда ҳақ тўлашнинг тоифаланган механизмини жорий этиш вазирликнинг асосий мақсади бўлиши лозимлигини билдирди.

Шунингдек, ушбу масала устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини маълум қилди.