2 февраль куни соат 15:30 ларида Андижон туманидаги «Қоратут» маҳалласи ҳудудида юк машинаси 21 ёшли аёлни босиб кетди. Бу ҳақда Milliy TV телеканалининг «Миллар» дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, юк автомобили ҳайдовчиси қайрилиб олаётган вақтида йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган фуқарони уриб юборган. Пиёда чап оёқ болдир қисми ва бош суягининг ёпиқ синиши тан жароҳати билан шифохонага олиб борилган.

Бироқ кўрсатилган ёрдамга қарамасдан у шифохонада вафот этган.

«Пиёда уйига яқинроқлиги учун ушбу йўлни кесиб ўтган. Ҳайдовчи чап томондан ўтаётган пиёдани кўрмай қолган», — деди вилоят ЙҲХБ ходими Саидуллоҳ Дадабоев.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Андижон тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.