Uzbekistan Airways 2023 йил баҳор-ёз навигациясидан бошлаб Тошкентдан Россиянинг иккита шаҳрига янги йўналиш бўйича авиақатновлар сонини оширмоқда, дея хабар берди авиакомпания матбуот хизмати.

Компания Тошкент-Омск-Тошкент йўналиши бўйича 26 мартдан ҳафтасига бир марта, якшанба кунлари, шунингдек, Тошкент-Нижний Новгород-Тошкент йўналиши бўйича 28 мартдан ҳафтасига икки марта, сешанба ва шанба кунлари мунтазам парвозларни амалга ошира бошлайди.

«Шарқий» хабни ривожлантириш лойиҳаси доирасида авиақатновлар сони Намангандан ҳам кўпайтирилмоқда. Хусусан, 27 мартдан бошлаб Наманган-Оренбург-Наманган йўналиши бўйича ҳам парвозлар тикланади. Мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳафтада бир марта душанба кунлари амалга оширилади.

31 мартдан эса Uzbekistan Airways ҳафтада бир марта, жума кунлари Наманган-Нижневартовск-Наманган йўналиши бўйича янги йўналишни йўлга қўяди.

«Тошкентдан, Намангандан парвоз қилувчи юқорида санаб ўтилган барча авиақатновлар авиакомпаниянинг кам бюджетли йўловчи авиаташувчиси ҳисобланган Uzbekistan Airways Express бренди остида амалга оширилиб, авиация бозорида йўловчилар учун ҳамёнбоп нархдаги чипталарни тақдим этади», — дейилади хабарда.

Авиачипталарни компаниянинг расмий сайтидан 3 фоиз чегирма билан, Uzаirways мобил иловаси орқали ҳамда Uzbekistan Airways Sales филиалидан ёки авиакомпания агентларидан харид қилиш мумкин.