Ўзбекистонда эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳалигача долзарб муаммолар сифатида қайд этилмоқда. Бу ҳақда 1 февраль куни ўтказилган Халқаро пресс-клуб сессиясида «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти директори, профессор Нодира Эгамбердиева маълум қилди.

Нодира Эгамбердиева институт томонидан ўрганилиб, таҳлил қилинган оилавий муаммоларнинг айримларига тўхталиб ўтди.

«Бугун эрта турмуш масаласи долзарблигича қолмоқда. 18 ёшга тўлмасдан баъзи ҳолатларда туғруқларнинг содир бўлаётгани ҳам ҳали ишлашимиз керак бўлган муаммолардан бири. Бу муаммоларни ҳудудлар кесимида ўрганиб, таҳлил қилдик ва ўша ҳудудлар учун мос режалар, тартиблар ишлаб чиқдик. Шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш борасида аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлиги масаласида ҳам таҳлиллар олиб бордик. Бу бўйича керакли кўрсатмаларни бердик», — деди профессор.

Эгамбердиеванинг қўшимча қилишича, бевосита аёллар билан ишлайдиган маҳалла фаолларининг фаолияти ҳам таҳлил қилинган.

«Уларга мавжуд муаммоларни қандай ҳал қилишда ёрдамлашиш мақсадида керакли кўрсатмаларни ўзида акс эттирган қўлланмалар ишлаб чиқилди. Улар билан видео дарслар ҳам олиб бордик. Қисқаси, ҳамма маҳалла фаолларини ўқитишга эришилди. Шунингдек, 120 мингдан ортиқ қўлланмалар ҳудудларга етказиб берилди. Буларнинг барчаси оила, маҳалла, гендер, хотин-қизлар, уларни тадбиркорлик масалалари билан боғлиқ», — деди у.