Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида 29 январь куни газ портлагани хабар қилинганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳолат юзасидан тақдим этган қўшимча маълумотига кўра, вайроналар остида қолиб ҳалок бўлганлар сони 5 нафарга етди.

Қайд этилишича, соат 16:15 да Нукус шаҳри «Темир жол» МФЙдаги 4 қаватли уйнинг тўртинчи қаватида жойлашган хонадонларнинг бирида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Юзага келган кинетик зарба сабаб бино конструкцияларига шикаст етган.

30 январь куни соат 02:30 да қутқарувчилар томонидан турли даражадаги жароҳатлар билан вайроналар остида қолиб кетган 5 ёшли қизалоқ чиқариб олиниб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган. Шунингдек, орадан 30 дақиқа ўтиб, бино конструкциялари орасидан бир нафар фуқаронинг жасади топилган.

Эрта тонгга келиб, вайроналар остидан яна 4 нафар фуқаронинг жасади топилиб, жами ҳалок бўлганлар 5 нафарга етган. Воқеа жойида фавқулодда вазиятлар вазири бошчилигида ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ «Газета.uz» қутқарув ишлари давомида уй вайроналари остидан жасади топилган эркакнинг шахсини аниқлаганди. У Саламат Разиев бўлиб, портлаш содир бўлган квартиранинг пастки қаватида яшаган.

Республика прокуратурасига кўра, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда айбдор шахслар доирасини аниқлаш, уларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳал этилмоқда.