Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятида ўтказиладиган кўпкари учун Зомин қўриқхонасидан бўри олиб келиниши ҳақида тарқалган хабар юзасидан муносабат билдирди.

Вилоят Экологик назорат инспекциясининг Зомин тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишда «Туркман» МФЙда яшовчи фуқаро К.Ғ. хонадонида бўрини ноқонуний тарзда тутқунликда сақлаб келаётгани аниқланди.

Бу билан фуқаро «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 4, 32, 33-моддаларининг талабларини бузган. Шундан келиб чиқиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 1-бандига асосан БҲМнинг 10 баравари, яъни 3 млн сўм миқдорида жарима белгиланди.

Айни пайтда давлат инспекторлари томонидан бўрини табиат қўйнига қайтариш чоралари кўриляпти, дейилади хабарда.