Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 26−27 январь кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувлар мамлакат пойтахти Бишкекда бўлиб ўтади. Музокаралар кун тартибидан давлатлараро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларининг кенг доираси ўрин олган.

Ўзаро савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш ва минтақавий инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади. Саммит якунида икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган, — дейилади хабарда.

Ўзбекистон раҳбарининг бундан аввалги давлат ташрифи 17 январь куни Сингапурга бўлганди. Ташриф доирасида мамлакат президенти Ҳалима Яқуб ва бош вазири Ли Сянь Лун билан музокаралар бўлиб ўтган. Давлат бошқаруви учун кадрлар тайёрлаш, инвестициялар, «яшил» технологияларни жалб қилиш, шаҳарсозлик ва коммуникациялар соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилган.