13 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳри марказлашган иссиқлик таъминоти корхоналарини фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори [13-сон] қабул қилинди.

Унга кўра:

  • «Тошкент иссиқлик маркази» давлат унитар корхонаси масъулияти чекланган жамиятга айлантирилади;
  • 2023 йил 1 февралга қадар Жамият устав капиталидаги улушни қолдиқ (баланс) қийматда «Иссиқлик электр станциялари» АЖга унинг устав фондидаги давлат улушини ошириш ҳисобига берилади.

Белгиланишича:

  • Жамият «Тошкент иссиқлик маркази» давлат унитар корхонасининг шартномалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;
  • жамият активлари (мулклари) инвентаризациядан ўтказилади ва жамият устав капитали миқдори уларни баҳолашдан ўтказмаган ҳолда, солиқ органларига тақдим этилган охирги бухгалтерия баланси маълумотига асосан, унинг амалдаги устав капитали миқдорида белгиланади;
  • Солиқ кодексига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ўтказилаётган мулк, мулкий ҳуқуқлар, жумладан устав капиталидаги улушлар қиймати, шу жумладан уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш чоғида солиққа тортишнинг барча турлари бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Шунингдек, «Иссиқлик электр станциялари» АЖга Тошкент шаҳрида аҳолига ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун ўз вақтида сифатли иссиқлик энергиясини узатиш вазифаси юклатилди. Бошқарувга қабул қилинаётган Жамиятга тегишли қозонхоналарнинг техник ҳолатини тўлиқ хатловдан ўтказиб, инвестицияларни, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда давлат-хусусий шериклик асосида қозонхоналарни босқичма-босқич реконструкция қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш топширилди.