Хориж фуқаролари ва чет элда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фарзандларини умумтаълим мактабларига қабул қилиш бўйича давлат хизмати йўлга қўйилди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таьлими вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Бунинг учун чет эл фуқаролари ва чет элда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг электрон хизматлар портали (my.maktab.uz) орқали онлайн сўровномани тўлдирган ҳолда ариза юбориши керак.

Ариза автоматик тарзда ҳудудий бошқармалар ҳузуридаги чет эл фуқаролари фарзандларини умумтаълим мактабларига қабул қилиш бўйича Ишчи гуруҳга юборилади. Ишчи гуруҳи 7 иш кунида аризани кўриб чиқиб, йўлланмани (QR-код қўйилган) расмийлаштиради ҳамда электрон портал орқали ариза берувчига электрон равишда юборади.

Натижани ариза берувчи ўзи мурожаат қилган my.gov.uz ёки my.maktab.uz портали орқали автоматик тарзда тизимдан юклаб олади. Давлат хизматини кўрсатиш бепул амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, шу вақтга қадар шаҳодатнома дубликатини олиш ва хорижда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни (нострификация) тан олиш бўйича давлат хизматлари йўлга қўйилган.

Қайд этилишича, 2023 йил давомида экстернат тартибида имтиҳонларни топшириш учун ариза бериш ҳамда ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига ўтказиш давлат хизматлари ҳам ишга туширилади.

Қабул жараёнлари бўйича қўшимча маълумотларни @mymaktab_uz Telegram канали ёки 71 203−07−04 телефон рақами орқали олиш мумкин.