Олмаота вилояти Есик шаҳрида 18 январь куни новвойхона газ портлаши оқибатида вайрон бўлди, икки нафар Ўзбекистон фуқароси жароҳатланди, деб ёзмоқда Sputnik Қозоғистон.

Маълум қилинишича, воқеа тунда содир бўлган, новвойхона омборида газ баллони портлаган. Том ва девор қулаб тушиб, ёнғин келиб чиққан.

Олмаота вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти хабарига кўра, Ўзбекистоннинг икки фуқароси қўл ва оёқларининг 2-даражали куйиш жароҳатлари билан воқеа жойидан шифохонага етказилган, — дейилади нашр маълумотида.

Аввалроқ Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида Ўзбекистон фуқаролари бўлган микроавтобус ЙТҲга учраб, уларнинг икки нафари вафот этгани, уч нафари шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди.

Аммо ФВВнинг янгиланган маълумотларига кўра, содир бўлган ЙТҲда ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бўлмаган. Оқсув-Аюли касалхонасида жароҳатланган беш нафар ўзбекистонлик даволанган.