Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига президентнинг «Тошкент шаҳрида транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва йўл ҳаракатини рақамли бошқариш тизимини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори жойлаштирилди.

Лойиҳада 2025 йилда шаҳардаги чорраҳалар ва автомобиль йўлларидан ўтаётган транспорт воситалари ҳаракатини марказлашган тарзда самарали бошқариш ва тақсимлаш тизимини яратиш орқали кўча-йўл тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти ошириш, тирбандликлар юзага келишининг олдини олиш ҳамда уларнинг сонини кескин камайтириш назарда тутилган.

Бундан ташқари,

  • автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштиришда жамоат транспорти ҳаракати устунлигини таъминлаш орқали жамоат транспортининг жозибадорлигини ошириш ва шаҳар марказида ҳаракатланаётган енгил автотранспорт воситаларининг сонини 20 фоизгача қисқартириш;
  • тартибга солинган йўл бўйи пулли автомобиль тўхташ жойлари тизимини ташкил этиш орқали пулли автомобиллар тўхташ жойлари сонини кўпайтириш ва бевосита шахсий автотранспорт воситаларидан фойдаланиш даражасини камайтириш;
  • чорраҳалар геометрик параметрларини ўзгартириш йўли билан автотранспорт воситаларининг ўтказувчанлигини 15 фоизга ошириш, автотранспорт воситаларидан атроф табиий муҳитга етказилаётган зарарлар миқдорини 35 фоизгача камайтириш;
  • йўл ўтказгичлар ва чорраҳаларни лойиҳалаш ва қуришда замонавий технологияларини татбиқ этиш орқали транспорт тизимида Big Data, Artificial intelligence, Machine Learning технологиялари ва алгоритмларини татбиқ этиш, рақамлаштириш кўрсаткичини 90−95 фоизга кўтариш;
  • автотранспорт воситалари оғирлиги ва габарити назорати бўйича стационар шохобчалари тизимини яратиш орқали шаҳар автомобиль йўллари бўйлаб юк ташиш фаолиятини тартибга солиш;
  • ушбу соҳадаги ҳар қандай қоидабузарлик учун жазо муқаррарлигини таъминловчи самарали тизимни йўлга қўйиш, шунингдек, инсон омилини истисно қилувчи рақамли технологияларни кенг жорий этиш режалаштирилган.

Таъкидланишича, халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, шаҳар марказига келадиган транспорт оқимларини чеклаш, уларни айланма йўлларга йўналтириш натижасида йўллардаги транспорт ҳаракат тезлигининг кескин камайиб кетиши ва катта тирбандликлар ҳосил бўлишининг олди олиш мумкин бўлади.

Тошкент шаҳрида янги йўл ўтказгичларни қуриш қуйидаги шартлар асосида амалга оширилади:

  • Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг шаҳарга кирувчи йўллар билан кесишган жойларида қуриш;
  • йўл ўтказгичлардан кейинги жойлашган чорраҳаларда юкламаларни йўлларнинг ўтказувчанлик имкониятлари даражасининг 75 фоиздан ортиб кетмаслигини инобатга олиш;
  • ТҲАЙда автотранспорт воситаларининг барқарор ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида шаҳарга кирувчи транспорт оқимларини ақлли светофорлар тизими орқали тартибга солиш билан ҳаракат тезлигини камайтириш, оқимни тинчлантириш;
  • шаҳарга кириб келадиган транспорт оқимини ТХАЙ бўйлаб қулай ҳаракатланишини таъминлашга қаратилган йўл ҳаракатини бошқарув ечимларини жорий этиш.

2022 йилдаги статистик маълумотларга кўра, шаҳардаги автомобиль транспорти воситалари сони 711 мингтани ташкил этди. Тошкент шаҳри ҳудудига унинг ташқарисидан кунига ўртача 165 мингдан зиёд автотранспорт воситаси кириб-чиқиши кузатилмоқда.

Маълумот учун, шаҳарнинг марказий қисмидаги Амир Темур-Навоий кўчалари чорраҳасидан бир кунда 100 мингтагача транспорт воситаси ўтгани кузатилган.

2021 йилги ўқув йилининг биринчи кунида Тошкент кўчаларида узундан-узоқ тирбандликлар кузатилган. Ўшанда пойтахт Транспорт бошқармаси бунга енгил автомобиль ва таксилар сонининг ошгани сабаб бўлганини маълум қилган. Бу ҳолат автобус ва йўналишли таксилар ҳаракатига ҳам таъсир қилгани кўрсатилган.

2022 йилнинг июнь ойида Шавкат Мирзиёев автомашинада Тошкент бўйлаб бир ярим соат юриб, жуда кўп қоидабузарликларга гувоҳ бўлганини айтганди. «Хоҳлаган одам хоҳлаганини қилиб юрибди. Одам қўрқиб ҳам кетди», деганди президент.