17 январь куни соат 21:00 да Жиззах шаҳри Мустақиллик шоҳкўчасида Ankai русумли «Жиззах автотранс сервис» МЧЖга қарашли йўловчи ташувчи автобусни йўловчиларсиз бошқариб кетаётган ҳайдовчи А.Н. ҳаракат давомида чарчоқ аломати бўлиб, ухлаб қолди, деб хабар берди Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.

Оқибатда у руль бошқарувини йўқотиб, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида ўзи билан бир йўналишда олдинда навбат кутиб тўхтаб турган, ҳайдовчи Қ.А.га тегишли Damas`нинг орқа қисмига урилган. Damas эса йўлнинг ўнг томон четига чиқиб, ағдарилиб кетган. Автобус ҳаркатини давом эттириб:

  • ҳайдовчи Т.К.га тегишли Nexia-2;
  • ҳайдовчи Т.У.га тегишли Nexia-2;
  • ҳайдовчи З.Ш.га тегишли Cobalt;
  • ҳайдовчи Х.А.га тегишли Nexia-3;
  • ҳайдовчи У.С.га тегишли Nexia-2;
  • ҳайдовчи Р.И.га тегишли Lacetti автомобилларига, жами 7 та транспорт воситасига тўқнашиб, ЙТҲ содир этган.

ЙТҲ оқибатида Damas ҳайдовчиси А.Қ.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, амбулатор тартибда даволаниш учун яшаш манзилига юборилган.

Ҳолат юзасидан вилоят ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент шаҳри Юнусобод туманида тунда 17 та автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлганди. Оқибатда бир ҳайдовчи ва бир пиёда касалхонага ётқизилган.