АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига 225 дона FLIR инфрақизил монокуляр тақдим этди, дея хабар қилди Американинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га. Чегара қўшинлари номидан ускуналарни полковник Бахтиёр Мансуров қабул қилиб олди.

Ушбу кузатув ускуналари АҚШ давлат департаменти молиялаштирувчи Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси доирасида совға қилинди. Қиймати 600 минг долларга тенг ускуналар АҚШнинг хавфсизлик соҳасида Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдамининг бир қисми ҳисобланади.

Эдчихона ушбу топширилаётган кузатув ускуналари Ўзбекистон давлат чегарасини муҳофаза қилиш ва «яшил чегара»ни қўриқлашда чегара қўшинларининг имкониятларини оширади ҳамда чегарадаги воқеа-ҳодисаларга тезкор жавоб қайтариш имконини беришига умид билдирди.

ақш элчихонаси, дхх чегара қўшинлари, инфрақизил монокуляр

1994 йили ташкил этилган Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси АҚШ ҳукуматига зудлик билан қарор қабул қилишни талаб этувчи қурол тарқалишининг олдини олиш ва қуролсизланиш соҳасидаги кутилмаган ва мураккаб вазиятларда оператив жавоб қайтаришга имкон яратади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ элчихонаси 2022 йилнинг апрелида Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинларига 50 дона Toyota Hilux ва Fortuner автомобилларини топширган эди.

Маълумот учун, инфрақизил монокуляр — инфрақизил (иссиқлик) нур таратувчи манбаларни аниқлаш мақсадида қўлланиладиган ускуна бўлиб, айниқса қоронғуликда жонли мавжудодлар, инсонларни аниқлаш имконини беради.