15 январь куни Поп тумани «Қўшминор» МФЙ ҳудудида соат 16:09 да кетма-кет ҳаракатланиб кетаётган 3 та МАN русумли юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, биринчи юк автомобили ёнилғи ташишга мўлжалланган бўлиб, мазут, иккинчи автомобилга кўмир, учинчи автомобилга эса бўёқ ортилган бўлган.

Чақирувга кўра 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 16:30 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 16:33 да қуршаб олинган ва соат 17:20 да бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида юк автомобилларида бўлган 3 фуқаро ҳалок бўлган. Воқеа жойига вилоят ва туман ФВБ раҳбарлари, тегишли ташкилотлар ходимлари етиб борган.

Ҳозирда ИИБ тезкор тергов гуруҳи томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сурхондарё, Фарғона ва Хоразмдаги ЙТҲларда 3 киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Юнусобод тумани Янги шаҳар кўчасида 12 январь куни тунда 17 та автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Оқибатда бир ҳайдовчи ва бир пиёда касалхонага ётқизилган.