Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари, шоира Энахон Сиддиқова 13 январь куни 68 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати хабар қилди.

Энахон Сиддиқова 1954 йил 28 август куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида таваллуд топган. Фарғона давлат институтининг филология факультетида (1972−1976) таҳсил олган. Олтиариқ ва Фарғона туманлари мактабларида ўқитувчи, мактаб директори вазифаларида хизмат қилган (1976−1996). Ўзбекистон ХДП Фарғона тумани иккинчи котиби (1996), «Фарғона ҳақиқати» — «Ферганская правда» газетаси мухбири (1990−1997), Фарғона вилояти ҳокимлиги ходими (1997−2001) лавозимларида ишлаган.

Шоира шу кунга қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари, «Қалб садоси» ҳафталик газетасининг бош муҳаррири вазифасида хизмат қилиб келаётган, 2015 йилдан шу кунга қадар Олий Мажлис Сенати аъзоси эди.

Энахон Сиддиқова «Энг улуғ, энг азиз» танловининг республика босқичи ғолиби бўлган.

Унга 2004 йили «Дўстлик», 2009 йили «Эл-юрт ҳурмати» орденлари, 2016 йили эса «Ўзбекистон халқ шоири» унвони берилган. 2018 йили Фарғона давлат университетининг фахрий профессори унвинига муносиб кўрилган эди.