Собиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мансабдорларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди, дея хабар берди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг айрим мансабдор шахслари томонидан бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.

Жумладан, 2019 йилда Италиянинг Пьедилуко шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича ўтказилган турнир ҳамда ўқув йиғини машғулотида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг иштирокини таъминлаш учун давлат бюджетидан 334,0 млн сўм, 20 680 евро ва 1500 АҚШ доллари ажратилган. Бироқ, ўрганишлар давомида ушбу халқаро тадбирлар учун сарфланган маблағларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Шунингдек, 2019 йилда Токио ва Пекин шаҳарларида синхрон сузиш бўйича бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда ушбу тадбирларга масъуллар 1015 АҚШ доллари миқдорида ортиқча харажатга йўл қўйган.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан 2020 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан спорт жиҳозлари сотиб олиш учун «Машхим» МЧЖ, «Араббой спорт» ХК ва «Спорт жиҳоз люкс» ХКлари билан 45 та ҳолатда 15 млрд сўмлик шартномалар тузилган. Ўрганишда 6 та шартнома бўйича сотиб олинган 2,9 млрд сўмлик жиҳозларнинг фойдаланиш учун тарқатилганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланди.

Ўрганиш якуни бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурасига юборилган.

Ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан терговга қадар текшириш ўтказилиб, натижаси бўйича прокуратура идоралари томонидан Жиноят кодекси 167-моддасининг 3-қисми, «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.