Бухоро шаҳри ўртасида сайёҳлик маркази қурилиши ҳали лойиҳа бўлиб турибди, деди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров Daryo`га берган интервьюсида.

«Газета.uz» бу жамоатчилик учун кутилмаган режа бўлгани ҳақида ёзган эди. Масала юзасидан бухороликлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллади.

Лойиҳа доирасида туризм маркази учун 32,6 гектар ер майдони ажратилиши режалаштирилган. 29 та давлат объектини, жумладан, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳар ҳокимликлари биноларини бошқа жойга кўчириш режалаштирилган. Ҳудудда кўплаб дарахтлар, жумладан, президент томонидан эълон қилинган «Яшил макон» дастури асосида яқинда экилган 1500 туп кўчат бор. Буюртмачи сифатида «Enter Engineering» компаниясини танланди, у лойиҳани «тўпланган маблағлар» ҳисобидан амалга оширишни режалаштирмоқда.

Ушбу мақсадлар учун 2023 йилда Бухоро вилояти бюджетидан 517 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилмоқда, деб ёзади Daryo.

«Марказнинг лойиҳа таклифи бўлгач, жамоатчиликка муҳокама учун қўйилади. Бухоро шаҳрида аҳоли учун алоҳида тақдимот қилиб берилади. Айни вақтда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, холос. Бу дегани эртадан бузилиш бошланади дегани эмас, ҳали охирги нуқта қўйилганича йўқ. Бу ҳозир лойиҳа таклифи, ҳали ЮНEСКО билан келишиш босқичи бор», — деди Ботир Зокиров.

«Ҳозир марказ тушадиган жойда хатлов ишлари олиб борилмоқда. Яъни тартибга кўра, у ерда қанча бино бор, кимга тегишли экани ҳақида маълумот йиғилади. Агар марказ ўрнида жойлашган бино ва иншоотлар бузиладиган ёки бошқа жойга кўчириладиган бўлса, лойиҳа танловида ютган тадбиркорлик субъекти томонидан ўрнига ўрин қуриб бериш ёки ўрнатилган тартибда конпенсация тўлиб берилади. Лойиҳа ва қурилиш ишларига камида икки йил вақт кетади», — дейди вазир.

Шанба куни ишчи гуруҳ раҳбари Ботир Зокиров Бухорога боради. У журналистлар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашади.

Жамоатчилик муносабати

Лойиҳа ҳақидаги хабар жамоатчиликнинг танқидига учради. Ижтимоий тармоқларда #saveBukhara ҳаштеги пайдо бўлди, фойдаланувчилар унинг остида лойиҳадан норози эканини билдириб хабар қолдирмоқда.

Миллий ахборот агентлиги раҳбари ўринбосари, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев лойиҳани, агар бу амалга оширилса, «Янги Ўзбекистон тарихидаги энг нотўғри ва ёмон лойиҳалардан бири бўлади» деди.

«Энг аввало бир нарсани яхши тушунишимиз керакки, Бухорога туристлар замонавий сунъий кўл ёки сунъий марказни кўриш учун келмайди. Бунақа нарсани кўраман деса, тинчгина Дубайга боради, ҳам арзон, ҳам биз қурмоқчи бўлган жойдан минг марта зўр, — деди блогер — Сайёҳларга тарих керак. Тамом. Бу баҳслашадиган масала эмас».

«Бухорода ҳалигача 3 сменали мактаблар бор пайтда шунчаки тайёр биноларни бузиш ёки кўчириш учун бунақа катта харажат сарфлаш келажак авлод учун адолатли эмас. Ундан кўра, тайёр биноларни бузишга сарфланадиган пулларни таълимга сарфлаган тўғри эмасми?» — дея савол берган у.

«Бу каби туристик марказлар бизга керакми, аниқроғи айрим шахсларга эмас, давлат ва жамиятга фойдаси борми ўзи, деган саволларга аниқ жавоб йўқ», — деди Хушнудбек Худойбердиев.

«Самарқандда қурилган худди шунақа туристик марказ бор. Аввал 4−5 йил кутайликчи, ўша марказ қанақадир фойда келтирса, кейин бошқа жойда ҳам шунақа қиммат лойиҳа ҳақида ўйлаб кўриш мумкиндир», — деди у.

Журналист Азиза Қурбонова эса шундай ёзди: «29 та бинони бузиш, уларга яна янги бино қуриш ва топиш қанча харажат ва ҳаракат талаб қилади. Шундай ортиқча харажатлар керакми ҳозир… Қандай аргументлар келтирилмасин, Бухоро туризм маркази қурилиш ҳудуди масаласи қайта кўриб чиқиш керак. Ахир халқ билан бемаслаҳат бирор иш қилинмайди деб давлат раҳбарининг ўзи доим айтмоқда».