Сурхондарёда Nexia-3, Damas ва автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар қилмоқда ЙҲХХ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, ЙТҲ 2023 йил 9 январь соат 17:20 ларда Денов туманида содир бўлган. Унда М-41 Бишкек-Душанбе-Термиз автомобиль йўлининг 1487-километрида Nexia-3 ҳайдовчиси машинани иккинчи даражали йўлдан бошқариб келиб, асосий йўлдан келаётган Damas билан тўқнашган.

Зарб туфайли Damas бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишдан келаётган автобусга урилган. Оқибатда Damas йўловчиси оғир жароҳатлар олиб, шифохонада вафот этган.

Шунингдек, 2023 йил 11 январь куни соат 19:30 ларда Фарғона вилояти Фарғона тумани ҳудудидан ўтган 4Р-145 Фарғона айланма йўлининг 17-километрида Lacetti йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёдани уриб юборган.

Оқибатда пиёда олган жароҳатлари сабаб шифохонада вафот этган.

Бундан ташқари 2023 йил 11 январь куни соат 21:10 ларда Хоразм вилояти Янгибозор туманидан ўтган 4Р-264 автомобиль йўлининг 29-километрида Kia Karnival, ўзидан олдинги машиналарни қувиб ўтиш мақсадида йўлнинг қарама-қарши тарафига ўтиб кетган.

Оқибатда йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Жабрланувчи олган жароҳати сабаб шифохонада вафот этган.