Россиянинг Европа қисми шимолий ҳудудларида ҳосил бўлган совуқ ҳаво массасининг таъсири Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб 15 январга қадар давом этади, дея хабар бермоқда «Ўзгидромет».

Ҳаво ҳарорати кечаси −12…−17 даража, айрим жойларда −20 даража совуқ, шимолий ҳудудларда −20…−25 даража, Устюрт ва чўл зонасида −27…−30 даражагача бўлади.

13 январь куни кундузи Ўзбекистонда ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат Тошкент, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийси вилоятларида бироз қор ёғиши мумкин. Жойларда туман тушиши эҳтимоли бор. Йўллар музлайди. Шамол тезлиги 7−12 м/с. Ҳарорат цельсий шкаласи бўйича -7 … -12 даражани ташкил этади.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда бироз қор ёғиб, жойларда туман тушиши мумкин. Йўллар музлаб, қор кўчиши хавфи бор. Шамол тезлиги 7−12 м/с. Ҳарорат −10…−15 даражани ташкил этиши кутилмоқда.