«Ҳудудгаз Пойтахт» корхонаси «Газета.uz»да эълон қилинган материалдан сўнг «Хаст Имом» маҳалласида газ босими оширилганини маълум қилди. Нашрнинг Эски шаҳар аҳолиси совуқ кунларда қандай кун кечираётгани ҳақида тайёрлаган фоторепортажида бу муаммо ҳақида сўз юритилганди.

Шундан сўнг таҳририятга Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги фуқаролардан ўз маҳаллаларига келиб, босимнинг пастлиги, газ йўқлиги ёки электр таъминотидаги узилишлар ҳақида ёзишни сўраб қўнғироқ ва хатлар кела бошлади.

«Ҳамма хонадон бир бўлиб чақирса ҳам, [Коммунал хизматларни бошқариш маркази — 1055] умуман жавоб йўқ», деб ёзади ўқувчилар.

Таҳририят ҳар бир ҳолатни батафсил ёритиш имкониятига эга эмас, лекин биз фуқароларнинг @GazetauzFeedbackBot Telegram ботига юборган хатларини ва ушбу саҳифада қолдирилган изоҳларни эълон қилишимиз мумкин.

Ёритиш шарти: исм, фамилия, телефон рақами ва муаммо кузатилган манзилнинг кўрсатилиши ва муаммонинг қисқача тавсифи. Сайтда фақатгина исм кўрсатилади. Қолган маълумотлар «Ҳудудгазтаъминот» корхонасига унинг сўровига асосан тақдим этилади.


Темур, Тошкент, Миробод тумани:

«Маҳалламиздаги газ билан боғлиқ муаммоларни ёритишингизни сўраймиз. Бу ерда асосан ҳовлилар жойлашган бўлиб, газ ва электр таъминоти жуда муҳим ўринга эга».

Янгийўллик ўқувчи:

«Бизда умуман газ йўқ, электр ҳам тез-тез ўчирилади, уйда курткада ўтирамиз. Хона музлаб қолган».

Саидазиз, Тошкент, Олмазор тумани:

«Уйлар совуқ. Газ деярли йўқ. Иситкичларни ёқсак, электр ўчади. [Кучланиш] 140 вольт. Уйимизда катталар, кичик болалар ва ногирон бола бор. Муаммони ҳал қилиш имкони борми?»

Ҳумоюн, Тошкент, Чилонзор тумани:

«Муаммо: Маҳалламизда, айниқса, кўчамизда газ босими шунчалик пасайиб кетганки, унинг ёнаётгани ёки йўқлиги ҳам аниқ эмас. Иситиш қозони ишламаяпти, иссиқ сув йўқ, қувур ва радиаторлар музлай бошлаган, агар улар музлаб қолса, портлаши мумкин. Ва бу, ўз навбатида, жуда катта таъмирлаш харажатларини талаб қилади. Уйда уч фарзандимиз бор, шамоллаб қолдик, хотиним касал, ҳомиладор, уй эса соат сайин совияпти. Қўллаб-қувватлаганингиз учун катта раҳмат».

Темур, Тошкент, Миробод тумани:

«Икки кундан бери газ йўқ, электр энергияси вақти-вақти билан ўчирилади. Иситиш кучи жуда паст».

Марина, Тузель:

«Ўтган йилнинг декабрь ойи бошидан бери газ йўқ. Уйлар бутунлай музлаб қолган. Илтимос: ЁРДАМ ҚИЛИНГ!!!»

Икром, Тошкент, Яккасарой тумани:

«Кечадан бери газ йўқ, кечки пайт электр ўчирилади. Иситкичлар ишламайди, кучланиш паст. Уйимизда кексалар бор. Уйлар совуқлашмоқда. Газ ҳатто ёнмаяпти».

Фазлиддин, Тошкент, Юнусобод тумани:

«Газ босими жуда паст, биз тунда музлаб қолдик. Уйда чақалоқ бор, иситкични ёқяпмиз, лекин баъзида чироқ ҳам ўчяпти».

Тошкент вилояти Қибрай туманидан мурожаат:

«Бизда газ йўқ. Ўз участкамиз бор, уй иситилмайди, чунки газ йўқ. 3 нафар вояга етмаган фарзандим бор. Уйда ҳаво жуда совуқ, куртка кийяпмиз, уй ичидаги дераза, эшиклар музлаб олган. Газ йўқлиги учун овқат пиширолмаймиз. Илтимос, ёрдам беринг».

Ифтихор, Тошкент, Чилонзор тумани:

«Кечадан бери квартирада газ деярли йўқ, сув қайнатиб бўлмайди, овқат пишмаяпти, бу муаммони ҳал қилишда ёрдам берсангиз, жуда миннатдор бўлардик, олдиндан раҳмат».

Любовь, Тошкент, Миробод тумани:

«Мен бутун маҳалла номидан ёзяпман, ҳаво ҳарорати тушиши билан уйларда газ ўчган. Ёздик, шикоят қилдик, фойдаси йўқ. Бу ҳолат камида 5 йилдан бери ҳар қишда давом этмоқда».

Сирдарё вилояти Боёвут туманидан:

«Маҳаллий ҳукумат бу масалани ҳал қилмайди. Маҳаллада 5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг барчаси иссиқлик таъминотисиз қолган. Овқат пишириш ҳам иложсиз. Илтимос, газни ёқинглар».

Асрор, Тошкент, Юнусобод тумани:

«Газ босими паст. Бизда иситиш тизими ишламайди, иситиш қозони ишлаши учун ҳеч бўлмаганда газ босимини бироз оширишингизни сўрайман. Бошқа газ пунктларида босим меъёрида».

Акмал, Тошкент, Мирзо Улуғбек тумани:

«Янги қурилган уй. 3 кундан бери газ йўқ, шунинг учун квартира совуқ. Деразалар музлаган».

Алдан, Тошкент, Шайхонтоҳур тумани:

«Квартираларда газ деярли йўқ (босим жуда паст), иссиқ овқат пишириш ва сув қайнатиш деярли имконсиз. Иситиш қуввати паст, электр тез-тез ўчирилади. Ёрдам керак, зудлик билан».

Валерий, Тошкент, Учтепа тумани:

«Уйларимизда газ жуда паст. Ҳокимликнинг «Ишонч телефонлари», 1055, Президент қабулхонаси, «Худудгаз»га қилинган қўнғироқлар шунчаки эътибордан четда қоляпти! Шу туманнинг 23-кварталида газ бор! Биз Учтепа тумани аҳолисимиз, муаммоларимизни оммавий ахборот воситаларида ёритсангиз!».

Умида, Тошкент, Чилонзор тумани:

«Бизни уйимиз жуда совуқ, газ йўқ ҳисоб. Уйимиз бойлер орқали иситилади, газ босими пастлиги учун у ҳам ишламаяпти. Батареялар музлаб ётибди. Бутун уй совуқ, болалар совқотяпти. Кеча 3 соатга светни ҳам ўчиришди, бойлер электрсиз ҳам ишламайди. Газ босими паст бўлганлиги боис ҳеч нима пишира олмаяпмиз. Қандай яшашимиз керак? Бутун маҳалламизда шундай муаммо».

Жасур, Тошкент вилояти, Қибрай тумани:

«Газ босими жуда паст. Шу боис ҳеч нима пишириб бўлмаяпти, „котёл“ ҳам ишламаяпти. Туман газ таъминотига қўнғироқ қилдим. Улар бутун туманда ҳолат шундайлигини айтишди».

Мария, Тошкент, Чилонзор тумани:

«4 кундан бери бутун уйда, қарийб кварталда газ йўқ. Батареялар ҳам зўрға илиб турибди. Уйда ёш болалар бор. Кеча аризамга кўра, туман газ таъминотидан келиб, бутун уйда газ йўқ вақтида менинг газ плитамдан сабабини қидиришди. Бу ҳам кулгули, ҳам ачинарли. Газ фақат 2 соатга берилмоқда».