Қашқадарё вилояти Касби туманида хорижий компания 560 туп дарахтни қўпориб ташлаган аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, бошқармага 9 январь куни туманнинг Назартепа қишлоғида яшовчи фуқаро Ч.М.нинг «Indorama agro» МЧЖ хорижий компанияси томонидан маҳалладаги «Наврўз» ҳудудида ҳар хил турдаги ва диаметрдаги дарахтлар техника ёрдамида илдизлари билан кўчириб ўтказилгани тўғрисида мурожаатнома келиб тушган.

ноқонуний дарахт кесиш

Ўрганиш давомида «Indorama agro» томонидан жами 560 туп дарахт тартиб-қоидаларга амал қилмасдан кўчирилгани оқибатида уларга зарар етказилгани аниқланди.

Ноқонуний, рухсатсиз ҳамда қоидаларига амал қилинмагани оқибатида табиатга, ўсимлик дунёсига 2 миллиард 824 миллион 495 минг сўм зарар етказилган. Зарарни ундириш учун ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.