2022 йилда Ўзбекистонда расмийларнинг интернет ва ижтимоий тармоқларга киришни чеклашидан кўрилган зарар 219,7 млн долларни ташкил қилди. Top10VPN хизматининг йиллик ҳисоботида бу ҳақда сўз боради, дея хабар бермоқда Spot.

23 мамлакатда 50 минг соатдан ортиқ давом этган интернетдаги узилишлар жаҳон иқтисодиётига 23,79 млрд доллар зарар келтирди, бу 2021 йилдагидан 3,2 баробар кўп.

Рейтингда Ўзбекистон дунёда бешинчи ўринни эгаллади. Хизмат маълумотларига кўра, чекловларнинг умумий муддати 5630 соатни ёки 234 кундан ортиқни ташкил қилган. Умуман олганда, чекловлар 1,28 млн кишига таъсир қилган.

Биринчи ўринни Россия эгаллади, унинг иқтисодиёти чекловлар туфайли 21,6 млрд доллар йўқотди. Сўнгги бир йил ичида Роскомнадзор бир қатор йирик хорижий ижтимоий тармоқлар: Facebook (экстремистик ташкилот деб эълон қилинган), Instagram, Twitter ва бошқа хизматларни блоклади.

Иккинчи ўринда Эрон жойлашган бўлиб, интернет чекловлари ҳисобига 773 млн долларга тушади. Кейинги ўринларда Қозоғистон 410 млн доллар зарар кўрган (бу ерда 2022 йил январь воқеаларида интернет ўчирилган) ва 241,4 млн доллар билан Мянма тилга олинган.

интернет
Ўзбекистонда «Ўзкомназорат» 13 ой давомида бир қанча хорижий интернет хизматлари — «ВКонтакте», Twitter, WeChat, Skype`дан фойдаланишни секинлаштирди. Ресурслар 2021 йилнинг ёзидан бошлаб «шахсий маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар» рўйхатига киритилган.

2021 йил ноябрида ушбу рўйхатга бир муддат YouTube, Facebook, Linkedin, Instagram, «Одноклассники», Telegram ва «Мой мир» ҳам кирди. Бир неча соатдан кейин чекловлар бекор қилинди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов чора-тадбирларни «бир томонлама ва яхши ўйлалмаган» деб атади.

Twitter, WeChat ва «ВКонтакте 2022 йил 1 августдангина ўзбекистонликлар учун тўлиқ фойдаланиш мумкин бўлди.

Июнь охири ва июль ойларида Қорақалпоғистонда халқ ғалаёнлари арафасида ва ундан кейин фавқулодда ҳолат жорий этилганда ҳукумат интернет ишини чеклаб қўйган.