Тошкентда 12 январь куни эрталаб автобус қатнови оралиғи ортгани шаҳар аҳолиси эътиборини тортди. Автобуслар ҳаракатининг онлайн мониторинги хизмати йўналишларда ҳаракатланаётган 750 та автобусни кўрсатди ва кундузи соат 11:00 га келиб уларнинг сони 800 тага етди (одатда линияларда 1000 дан ортиқ автобус юрарди).

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, пойтахт транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, эрталаб соат 5:30 да автобус базаларида 40 та MAN катта сиғимли сиқилган газда ҳаракатланувчи автобуслар ўт олмаётгани маълум бўлган.

Ишлаб чиқариш корхонаси вакиллари бунга нима сабаб бўлганини текширганда тунги ҳаво ҳароратининг -24 даражагача пасайиши туфайли автобусларнинг газ баллонларидаги клапанлар музлаб қолгани маълум бўлган. Натижада газ билан ўт олдириш имкони бўлмаган.

«Эртага бундай бўлмаслиги учун бугун кечқурун «MAN»лардаги клапанларни алмаштирамиз», — деди Анвар Жўраев.

Йўналишларга катта сиғимли автобуслар ўрнига кичик сиғимли Isuzu NP 37 ва HC 40, шунингдек, ўрта сиғимли Isuzu LE 60 русумли автобуслар киритилди.

«Кечикиш 45 дақиқадан бир соатгача бўлган. Бугуннинг ўзида жами 1069 та автобус ҳаракатга чиқарилди. Шундан 19 таси хусусий автобуслар бўлиб, уларга учта йўналиш ажратилган», — деди Анвар Жўраев.

Унинг таъкидлашича, барча автобуслар мониторинг хизматида кўрсатилмаган, чунки пойтахтда ҳаракатланадиган автобуслар одатда шаҳар атрофи бўйлаб йўл юради.

«Тошшаҳартрансхизмат» раҳбарининг қўшимча қилишича, аёзли кунларда йўловчилар оқими камаймоқда. Бунга кўплаб мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабаларининг ўқишни бошламагани, қатор ташкилотлар ходимларининг масофавий ишлашга ўтказилгани ҳам ўз таъсирини ўтказган.