Аномал совуқ ва кучли қор ёғиши муносабати билан Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, шунингдек, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликлари фуқароларни эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.

Қорлар эриши ва томлардан сумалакларнинг тушиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун эҳтиёт бўлиш ва иложи бўлса, бинолардан узоқроқ юриш тавсия этилди. Шунингдек,

  • бинодан чиқаётганда, томларда қор массалари, сумалаклар ва музларнинг тўпланиши, уларнинг тушиши мумкин бўлган жойларни четлаб ўтишга эътибор бериш;
  • қор массалари, сумалак ва музлар бўлиши мумкин бўлган томлари баланд уйларга яқинлашмаслик ва болаларнинг бундай жойларда ўйнаши ва бўлишига йўл қўймаслик;
  • агарда хавфли жойда панжараси, огоҳлантирувчи белгилари мавжуд бўлса, улардан ўтишга уринмаслик, хавфли жойни бошқа йўл билан айланиб ўтиш;
  • қулоқчин таққан ҳолда кўчада юрмаслик (йўқса, томдан тушаётган қор массалари шовқинини эшитмаслик мумкин);
  • пиёдалар йўлакчаси бўйлаб ҳаракатланаётганда, юқори қаватларда шубҳали шовқин эшитилса, тўхтамаслик, бошни кўтариб, у ерда нима бўлганини ўйлаб кўриш (қор массалари ёки сумалак ва музлар тушаётган бўлиши мумкин. Бундай вақтда қочиб кетиб бўлмайди, имкон қадар тезроқ бино деворига ёпишиш керак, бу хавфсиз бўлишга хизмат қилади);
  • автотранспорт воситаларини томи баланд бинолар ёки тепасида қор массалари, сумалак ва музлар бўлган иншоотлар яқинига қўймаслик;
  • агар одам томдан тушган қор массалари, сумалак ва музлар туфайли жароҳатланса, дарҳол тез ёрдам чақириш кераклиги таъкидланиди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан кўп квартирали уйлар бошқарувчи ташкилотлари ходимларини кенг жалб қилган ҳолда кўп квартирали уйларнинг кириш йўлаклари ҳамда уларга туташ ҳудудларни қор ва муздан тозалаш юзасидан ишлар, шунингдек, муз бўлаклари ва йиқилган дарахт ҳамда кўчатларни олиб ташлаш ишлари амалга оширилмоқда.