Ўзбекистондаги расмий манбалар 1 ҳафта мобайнида одамлар ўлими билан боғлиқ 11 та ЙТҲ юз бергани ҳақида маълумот берди. Юз берган ҳодисалар сабаб 22 нафар одам, жумладан, 3 нафар бола вафот этди.

ЙТҲларнинг 3 таси Сурхондарёда (1, 2, 3), Самарқандда 3 та (1, 2, 3) қолганлари Тошкент, Жиззах, Фарғона, Қашқадарё ва Қорақалпоғистонда содир бўлган.

Сурхондарёда содир бўлган ЙТҲлар оқибатида 4 нафар, Самарқандда 7 нафар, Қашқадарёда 4 нафар, Жиззахда 2 нафар, Тошкентда 2 нафар, Фарғона ва Қорақалпоғистонда 1 нафардан одам ҳалок бўлди.

Ҳалок бўлганларнинг 10 нафари пиёда, 11 нафари эса машина ичидагилар бўлган.

Юз берган ЙТҲларнинг 5 таси 4 январь куни содир бўлган. Унда 10 киши вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, ИИВ ЙҲХХ бошлиғи Олим Саидов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда ўлимлар билан боғлиқ ЙТҲлар сонини 5 йилда камида 2 баробарга қисқартириш режалаштирилганини маълум қилганди.

2022 йил февраль ойида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев мактаб ва боғчалар олдида транспорт тезлиги 30 км/соатдан ошмаслигини айтганди. Шунингдек, у Тошкент марказида транспорт тезлиги 50−60 км/соат дан ошмаслиги, умуман, республиканинг аҳоли гавжум ҳудудларидаги гавжум кўчаларда тезликни 70 км/соатдан 60 км/соатгача камайтириш кераклигини таъкидлаганди.

Бу бўйича Республика комиссияси ташкил этилган. Унга бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади, унинг ўринбосари ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳисобланади. Ҳудудий комиссияларга эса ҳокимлар раҳбар этиб тайинланган.

Олим Саидов «Газета.uz»га ҳудудларда рухсат этилган ҳаракатланиш тезлигини пасайтириш масаласи декабрь ойида узил-кесил ҳал бўлишини маълум қилганди. Бироқ, Республика комиссиясининг ҳудудларда тезликни камайтириш юзасидан якуний қарори ҳали эълон қилинмади.