Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг 2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжат чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига чорвачилик ва парранда гўшти, сут ва балиқ етиштириш учун ажратиладиган субсидиялар миқдорини икки баравар камайтиришни назарда тутади. Қонунчиликда жорий миқдорлар 2024 йилгача ҳисобланган эди.

Янги тартибга кўра, 2023 йилнинг 1 январидан 2024 йилнинг 1 январигача ҚҚС тўловчиси бўлган субсидия олувчиларга республика бюджетидан қуйидаги миқдорда субсидия ажратилади:

  • чорвачилик ҳўжаликларига — ўз ҳўжаликларида ва аҳоли хонадонлари билан биргаликда кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун сотилган йирик ва майда шохли моллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 4000 сўм ўрнига 2000 сўм ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 400 сўм ўрнига 200 сўм. Бунда субсидия ҚҚСдан вақтинча озод қилиш бўйича имтиёз амалда бўлган давр учун ҳам тўланади;
  • паррандачилик ҳўжаликларига — ўз ҳўжаликларида етиштирилиб, сотилган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 2500 сўм ўрнига 1250 сўм, 2024 йил 1 январдан 1 000 сўм.

Бундан ташқари, балиқчилик ҳўжаликлари учун субсидиялар интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқларининг (лосось, форель ва осётр) ҳар бир килограмми учун 3000 сўм ўрнига 1500 сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1000 сўм ўрнига 500 сўм миқдорида. Шунингдек, ушбу субсидиялар фақат 2024 йил 1 январгача амал қилади, аввалги таҳрирда эса муддатсиз эди.

Декабрь ойида Савдо-саноат палатасида чорвачилик ва паррандачилик соҳаси тадбиркорлари билан учрашув бўлиб ўтди. Ишлаб чиқарувчилар субсидиялар олиш тартибининг мураккаблиги, чорва ва паррандалар учун озуқа, минерал ўғитлар, ёқилғи қимматлигидан шикоят қилиб, амал қилиш муддати тугаган солиқ имтиёзларини 2023-йилдан бошлаб узайтиришни сўраган, акс ҳолда, уларнинг фикрича, бу маҳсулот нархининг ошишига сабаб бўлишини билдирган эди.

Тадбиркорларнинг муносабати

Promeat гўшт ишлаб чиқариш корхонаси директори, фермер Иззат Муталов давлат раҳбарининг 2021 йил 3 мартдаги гўштнинг ҳар бир килограми учун 4 минг сўм миқдорида субсидиялар ажратилиши тўғрисидаги қарори ҳақиқатан ҳам фермерларни рағбатлантиргани, ҳосилдорлик ва молиявий аҳволига ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, чорвачилик қўмитаси ва мутасадди идоралар ўтган йилдан бошлаб фермерлар билан фаол алоқаларни йўлга қўйган, декабрь ойида давра суҳбати ташкил этиб, турли ҳудудлардаги чорвадорлар билан йилдаги муаммо ва натижаларни очиқ муҳокама қилган. «Бу шаффофлик ва очиқлик, барча қийинчиликларга қарамай, саноатни ислоҳ қилиш учун бизнес ва давлат назорат органларини бирлаштиришда катта плюс», деди у.

Бироқ 2023 йил учун бюджет қабул қилингандан сўнг гўшт ва сутга субсидиялар камайтирилгани ҳақидаги хабар «нафақат фермер ва ишлаб чиқарувчиларнинг кайфиятига, балки бизнесга ҳам бевосита таъсир қилади».

«Охир-оқибат, молиявий режалаштириш ва бизнес вазифаларини белгилаш бундай „янги йил сюрпризи“ муносабати билан ўзгариши керак. Тадбиркорлик фаолиятининг қулай ривожланишининг асосий шартларидан бири, бу — бизнесдаги қоидалар, шартлар ва мажбуриятларнинг барқарорлигидир. Балки бу қарорларда субсидияларни қисқартириш бўйича қандайдир мантиқ бордир, балки унинг асосли ва холис сабаблари бордир, лекин бу ҳақда жамоатчиликка айтилмаган ва тушунтирилмаган, мен шахсан ўзим таҳририятингиздан билиб олдим», — деди Иззат Муталов.

Унинг сўзларига кўра, фермерлар томонидан қайта ишлаш корхоналарига етказиб бериладиган сут нархи 2022 йилда 4800 сўмдан 7000 сўмга ошган. Тадбиркорнинг таъкидлашича, бу аҳолининг сут маҳсулотлари истеъмоли ортиши билан боғлиқ, бироқ чорвачилик тармоғи у қадар тез ривожланмаётгани сабабли талабни қоплашга улгурмаяпти.

Субсидиянинг икки баробарга қисқаришига келсак, бу келажакда нархларга таъсир қилади, дея тушунтирди Иззат Муталов.

«Газета.uz» Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш (қайта ташкил этилган) вазирлигига субсидиялар миқдорини қисқартириш сабаблари ҳақида сўров юборди.