ДХХ катта миқдордаги қалбаки пулларни муомалага киритаётган гуруҳни қўлга олди, дея хабар қилди ЎзА.

Қайд этилишича, ДХХ томонидан Навоийда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкентда яшовчи фуқаро Cobalt автомобилида 100 минг сўмлик банкнотлардан иборат 221 млн 100 минг сўм миқдоридаги қалбаки пуллар борлиги аниқланган.

Тадбир давом эттирилиб, унинг жиноий шериклари бўлган Навоий ва Бухоро вилоятларида яшовчи 5 нафар шахс ҳам қўлга олинди. Улардан жами 139 млн 800 минг сўм миқдоридаги қалбаки пуллар олинди.

Тезкор тадбир натижасида умумий қиймати 360 млн 900 минг сўм бўлган қалбаки пулларнинг муомалага чиқарилишига чек қўйилди, дейилади хабарда.