Ўзбекистонлик таниқли боксчи, Рио Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров уч кун аввал, яъни 5 январда ўзининг Instagram саҳифасига елкасида ов қуроли, оёқлари остида эса ўнга яқин қуш акс этган суратларни ҳамда ов жараёни акс этган видеони жойлади.

фазлиддин ғоибназаров, қушлар, экология, ов мавсуми

Спортчининг мазкур суратлари Instagram кузатувчиларининг кескин танқидларига сабаб бўлди. Кўплаб тармоқ фойдаланувчилари жонзотларга озор бериш яхши эмаслигини таъкидлаган бўлса, айримлар боксчидан бундай хатти-ҳаракатни кутмаганини таъкидлаган.

фазлиддин ғоибназаров, қушлар, экология, ов мавсумифазлиддин ғоибназаров, қушлар, экология, ов мавсуми


Фазлиддин Ғоибназаров иштирокидаги мазкур ҳолатга ekologuz телеграм-канали ҳам эътибор қаратиб, спортчилар қушларни ўлдиришни эмас, балки уларни асраш, меҳр кўрсатишни тарғиб қилиши кераклигини билдирган.

фазлиддин ғоибназаров, қушлар, экология, ов мавсуми

Фото: instagram.com/fazliddingaibnazarov

«Боксчимиз овчилар ушюмасидан рўйхатдан ва овчилар учун қўйиладиган талаблардан ўтганми? Овда иштирок этганларнинг овчилик билетлари борми? Агарда ов қонунда кўрсатилган тартибда амалга оширилган бўлса, ушбу ҳужжатлар билан бизни ҳам таништиришса жуда яхши бўлар эди. Спортчиларимиз қушларни ўлдиришни тарғиб этмай, уларни асраш, дон бериш, жониворларга меҳр кўрсатишни тарғиб қилишса яхши бўлар эди. Чунки спорт бу — тинчлик элчиси, спортчимиз эса миссиясига хилоф равишда овни, ўлдиришни ижтимоий тармоқларда тарғиб қилмоқда. Спортчимизнинг мухлислари кўп, наҳотки бизнинг юлдузларимиз жониворларга нисбатан меҳрни тарғиб этишга қодир бўлишмаса?», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу телеграм-канал Табиат ресурслари вазирлигидан спортчи билан боғланиб, ҳолат юзасидан расмий муносабат билдиришларини сўраган.

«Газета.uz» мухбири бир қанча саволларга жавоб олиш мақсадида Фазлиддин Ғоибназаров билан боғланди. Аммо боксчи масъуллар билан гаплашиб олганини айтиб, изоҳ беришни хоҳламади.

«Эртага балиқ овласам ҳам, нега балиқ овладиларинг, деб ҳам ҳамма гапиради. Одамларга қўйиб берсаларингиз, тирноқ орасидан кир қидиради, тўғрими? [Қушлар] Қизил китобга киритилмаган-ку. Одамлар гапираверади, эътибор қилманглар», — деди спортчи.

Тошкент вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати ушбу ҳолатга нисбатан расмий муносабат билдирди.

«Ижтимоий тармоқларда бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Фазлиддин Гаибназаровнинг ов қилиб юрган ҳолати тасвирга олиниб тарқалган видео ва фотосуратлар юзасидан Тошкент вилояти Экология бошқармаси давлат инспекторлари томонидан тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинади», — дейилади хабарда.

Табиат ресурслари вазирлиги ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, эртага, 9 январь куни вазирлик масъулларининг Фазлиддин Ғоибназаров билан учрашиши режалаштирилган. Ҳолат бўйича тўлиқ маълумот мазкур учрашувдан сўнг берилиши таъкидланди.

Қайд этиш жоизки, ҳолат тасвирланган кадрлар спортчининг Instagram саҳифасидан ўчириб ташланган.