«Капиталбанк» расман Uzum экотизимининг аъзоси бўлгани ҳақида эълон қилди.

Аввалроқ 28 декабрь куни Finance TCI биржа савдоларида «Капиталбанк» акцияларининг 50 фоизини сотиб олгани ҳақида ёзган эдик. Битим қиймати 786,89 млрд сўмни ташкил этди. Шундай қилиб, Россиянинг «Телекоминвест» компанияси банк акциядорлари таркибидан чиқиб кетди ва 61,54 фоиз улуши билан Ўзбекистоннинг Finance TCI мажоритар акциядори бўлди.

Ўз навбатида, Finance TCI Djuzum SPV компаниясининг шўба корхонаси бўлиб, республика учун Uzum экотизимини ривожлантиряпти.

«Uzum компаниялар гуруҳи Ўзбекистондаги 10 дан ортиқ тадбиркор ва инвесторларнинг тажрибаси ва активларини бирлаштирган қўшма лойиҳадир», — дейилади хабарда.

2022 йил ноябрь ойида «Капиталбанк» шўба корхонаси Apelsin рақамли банки Uzum экотизимига қўшилган ва ўз номини Uzum Bank деб ўзгартирган эди. «Капиталбанк» маълумотларига кўра, мамлакатда ҳар ойда 1,5 млн киши ушбу хизматдан фойдаланади. «Uzum Bank р2р-ўтказмалари сони бўйича етакчи ўринни эгаллайди», — дейилади хабарда.

Экотизимнинг бошқа хизматлари билан интеграциялашув банкка янгиланган кешбеcк дастурини ишга тушириш имконини берди, шу жумладан, Uzum Market`дан Uzum Pay хизмати орқали буюртмаларни тўлашда қўшимча бонусларни ҳам.

2022 йил октябрида тез етказиб бериш билан Uzum Market маркетплейси ишга туширилди. Ҳозирда сайтдаги ассортимент 200 мингдан ортиқ ноёб маҳсулотларни ташкил этади ва етказиб бериш географияси 17 та аҳоли пункти ҳамда мамлакатнинг аксарият қисмини қамраб олади.

«Етакчи молиявий ва e-commerce хизматларининг интеграцияси ҳамда ўз соҳаларидаги энг яхши мутахассислар тажрибасининг бирлаштирилганлиги Uzum`га жисмоний шахслар ва бизнесни ривожлантириш учун ноёб хизматлар экотизимини яратиш имконини беради. Шундай қилиб, Uzum Market компания ва хусусий тадбиркорларга IT-платформа ва логистика ечимларидан фойдаланган ҳолда янги мижозларни топиш ва ўз маҳсулотларини бутун мамлакат бўйлаб сотиш имкониятини беради. Юридик шахсларга масофавий хизмат кўрсатиш ва бухгалтерия ҳисобжтини автоматлаштиришга йўналтирилган Uzum молиявий хизматларининг ривожланиши туфайли тадбиркорлик фаолиятини юритиш жараёни енгиллашади, бу эса мамлакатимиз аҳолисининг янада кўпроқ ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имкониятига эга бўлишини англатади», — дейилади хабарда.

«Капиталбанк» Uzum экотизимига қўшилиш орқали ўз фойдаланувчилари ҳисобига мижозлар базасини сезиларли даражада кенгайтириши кутилмоқда.

«„Капиталбанк“ ўз хизматларини ривожлантириш билан бирга Uzum бренди билан кооперацияда қўшимча маҳсулот қаторини таклиф этади. Масалан, банк мижозлари барча хизматлар учун ягона Uzum ID`га эга бўлади ва содиқлик тизимидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади, банк хизматлари эса Uzum Market фойдаланувчилари учун мавжуд бўлади», — дея қайд этилди.

Шу билан бирга, «Капиталбанк» ўз брендини сақлаб қолади, банк ҳамкорлари ва мижозлари учун шартлар ўзгаришсиз қолади