Сурхондарёнинг Сариосиё туманида Nexia, Spark ва Gentra иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар қилди вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати.

2 январь куни соат 23:20 ларда Сариосиё тумани «Шабнам» маҳалласи ҳудудидан ўтган 4Ҳ-1583 автомобиль йўлининг 1-кмсида Nexia, шу йўналишда ҳаракат қилиб келаётган Spark автомобилига бориб урилган. Зарб оқибатида Spark қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, Gentra билан тўқнашган. Nexia эса бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги ариққа тушиб, ағдарилган.

Оқибатда Nexia ҳайдовчиси олган жароҳати сабаб шифохонада вафот этди.

Воқеа сабаби ўрганилганда ҳайдовчи тезликни меъёридан ошириб ҳаракатлангани, оралиқ масофани сақламагани ва йўлнинг тегишли қисми сунъий ёритилмагани аниқланган.