Ўзбекистонга жума ва дам олиш кунлари Туркманистон ҳудудларидан нам ва илиқ ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда, деб хабар берди «Ўзгидромет».

Республиканинг катта қисмида баъзи жойларда ёмғир ёғади, фақат шимолий ва шарқий ҳудудларда ёғингарчилик кутилади. Жума куни (6 январь) кундузи ҳаво 7−12 даража илиққача, 7 январь куни 10−15 даража илиққача исийди, якшанба куни эса (8 январь) яна 7−12 илиқ бўлади.

Баъзи жойларда шамол 15−20 метр секундгача кучаяди. Фарғона водийси вилоятларида кечаси ва эрталаб туман тушиши кузатилади. Республиканинг тоғли ҳудудларида ушбу кунларда қор кўчиши хавфи бор.

Аввалроқ 9 январдан Ўзбекистонга Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб кела бошлаши,10−15 январь кунлари ҳаво ҳарорати кечалари −12…−17 даражагача, кундуз кунлари −5…−8 даражача, чўл ҳудудларда эса −25…−27 даражагача пасайиши маълум қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазирлиги аёзли кунларда энергия таъминотидаги эҳтимолий узилишлардан огоҳлантирган. Вазирлик келаси ҳафтада кутилаётган совуқ ҳаво муносабати билан йирик корхоналарга газ ва электр энергияси етказиб бериш қисқариши, ИЭСларга газ етказиб бериш кўпайишини маълум қилган. Шу билан бирга, жадвалга кўра, энергия таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.

Совуқ тушиши, шунингдек, ўқув муассасалари иш тартибига ҳам таъсир кўрсатди. Хусусан, мактабгача таълим ташкилотларида 10−18 январь кунлари таътил эълон қилинди.

Аномал совуқ об-ҳаво кириб келиши муносабати билан барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил муддати 17 январгача узайтирилди.