2023 йилда Табиат ресурслари вазирлигига қарашли 5 та давлат қўриқхонасининг моддий-техника базаси яхшиланади. Бунинг учун давлат бюджетидан салкам 20 млрд сўм ажратилмоқда. Бу ҳақда вазирлик бошқарма бошлиғи Ҳалилулла Шеримбетов 30 декабрь куни «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, шу пайтга қадар давлат бюджетидан қўриқхоналарни сақлаш учун, яъни ходимларнинг маоши, бензин, концтоварларни олишга маблағ ажратилган холос.

«Лекин уларни ривожлантиришга Экология қўмитаси қошидаги фонд маблағларидан ишлатиларди. Янги йилдан бошлаб эса қўриқхоналардаги ишларни яхшилаш учун бюджетдан маблағ ажратилиши йўлга қўйилмоқда. 2023 йилда 19,5 млрд сўм ажратиляпти. Бу маблағга 5 та қўриқхонанинг бошқарув тизимини яхшилаймиз. Яъни моддий-техника базани ривожлантиришга: фотоқопқонлар, ҳайвонларни рўйхатга олиш учун дронлар, камералар харид қилишга сарфланади», — деди у.

Ҳалилулла Шеримбетовнинг сўзларига кўра, салкам 20 млрд сўмга, шунингдек, қўриқлаш тизими яхшиланади, илмий салоҳият ва лабораториялар кучайтирилади, олимларнинг тажриба ва савиясини ошириш учун улар хориж давлатларига юборилади. «Хуллас, 5 та қўриқхона замонавий ахборот технологиялари билан таъминланади. Республикадаги барча қўриқхоналар босқичма-босқич ривожлантириб борилади», — дея қўшимча қилди вазирлик вакили.

Унинг қайд этишича, Табиат ресурслари вазирлиги таркибидаги қўриқхоналар сони 24 тага етди. «Шундан, 16 таси Экология қўмитасига қарашли эди. Яқинда Ўрмон хўжалигининг 8 та қўриқхонаси қўшилгач, жами 24 та бўлди», — деди муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бошқармаси бошлиғи Ҳалилулла Шеримбетов.