Қозоғистонда 2022 йил январь ойида бўлиб ўтган тартибсизликлар бўйича жиноят ишида Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари иштирок этмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон бош прокурори Берик Асилов 5 январь куни парламент мажлисида маълум қилди.

«Хорижликлар ҳам оммавий тартибсизликларда ва бошқа жиноятларда иштирок этишда гумонланувчи сифатида тан олинган. Улар орасида Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор», — деди Асилов.

Бош прокурорнинг аниқлик киритишича, январь воқеалари бўйича 573 киши судланган. Суд ишларининг иккитаси террорчилик ҳаракатини содир этиш билан боғлиқ. Айни пайтда оммавий тартибсизликларни ташкил этганликда 18 киши айбланмоқда. Улардан 13 нафарига нисбатан иш судда кўриб чиқилмоқда.

АКИpress нашрининг ёзишича, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларининг Қозоғистонда содир бўлган январь воқеаларига алоқадорлигини қатъиян рад этади.

«Бирорта ҳам Қирғизистон фуқароси Қозоғистонда на митингларда, на оммавий қирғин ва талончиликда қатнашмаган», — дейилади Қирғизистон ТИВ баёнотида.

Шу билан бирга, Қирғизистон ТИВ оммавий тартибсизликлар факти бўйича жиноят ишларини тергов қилиш доирасида мамлакатнинг икки фуқароси шартли равишда судга жалб этилганини билдирган.

Аввалроқ — 2022 йил март ойида Қозоғистон бош прокуратураси январь воқеалари бўйича очилган ишларга 11 нафар Ўзбекистон фуқароси жалб қилингани ҳақида хабар берганди. Улар тартибсизликларда иштирок этиш ва ўғриликда гумонланган.

«Оммавий тартибсизликлар бўйича ишларга 19 нафар хорижлик жалб қилинган. Шундан 11 нафари — Ўзбекистон, 4 нафари — Россия, 2 нафари — Қирғизистон, 1 нафари — Хитой, 1 нафари — Тожикистон фуқаролари», — дейилган хабарда.

Маълумот учун, январь воқеаларидан сўнг жами 1249 киши асосан ўғрилик, қурол ўмариш ва тартибсизликларда айбланиб судланган. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ ҳақиқий жазо муддатлари 160 кишига қўлланилган. Қолганларга нисбатан енгил жазо чоралари тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 2 январь куни Қозоғистоннинг Мангистау вилояти Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи икки бараварга (60 тенгедан 120 тенгега) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқиши билан бошланган эди.

Шундан кейин намойишлар Актау вилояти марказида ҳам бўлиб ўтган, сўнгра Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига, жумладан, пойтахт Нур-Султон шаҳри ва собиқ пойтахт Олмаотага ҳам тарқалган. Тартибсизликларга Қозоғистон МХҚнинг собиқ раиси ва собиқ мудофаа вазири ҳам алоқадорлиги айтилган.