5 январь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари Сергели туманида 180 дона «Фатзорб» дори воситасини 2 киши 600 минг сўмга сотаётган вақтида ушлади. Улардан бирининг машинасида яна 72 дона «Фатзорб» борлиги аниқланди ва ашёвий далил сифатида олинди.

Бошқарма хабарига кўра, ижтимоий тармоқларда оздирувчи маҳсулот дея сотилаётган «Фатзорб» таркибида «Сибутрамин» кучли таъсир қилувчи модда бор.

Кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортишга асос бўлиши эслатиб ўтилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув кетяпти. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилинади, дейилади хабарда.