Наманган ва Андижон халқаро аэропортларида 6 январь куни қуюқ совуқ туман туфайли кўришнинг ёмонлашиши ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатишнинг вақтинча тўхтатилишига олиб келди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports ахборот хизмати хабар берди.

Хусусан, Наманганда кўриниш чегарасининг 700 метргача пасайиб кетиши сабабли Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Оренбург-Наманган-Иркутск ва Иркутск-Наманган-Тошкент йўналишлари бўйича рейслари ўзгартирилди.

Air Arabia авиакомпаниясининг Шаржа-Наманган-Шаржа, шунингдек, Red Wings авиакомпаниясининг Москва-Наманган-Москва рейси Тошкент халқаро аэропортидан амалга оширилади.

Ноқулай об-ҳаво шароити (кўриш масофаси 900 метр) Андижон аэропорти ишининг чекланишига ҳам сабаб бўлди. Тошкент-Фарғона, Фарғона-Самарқанд, Самарқанд-Фарғона ва Фарғона-Тошкент рейслари ўзгартирилган йўналиш бўйича амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Air Astana авиакомпаниясининг Тошкент-Олмаота рейси самолёти кучли турбулентлик ҳудудига тушиб қолиши оқибатида етти нафар йўловчи жабрланганди. Кейинроқ улар орасида 3 нафар ўзбекистонлик фуқаролар борлиги маълум қилинган.