2019 йилда 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров шартли равишда қамоқдан озод этилди. Бу ҳақда Kun.uz ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Рашитжон Қодиров 2018 йил февралида Жиноят кодексининг 165 (Товламачилик), 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-модда (Пора олиш), шунингдек, бошқа мансабдорлик ва иқтисодий жиноятларни содир этишда айбланиб, жиноят ишига айбланувчи тариқасида жалб қилинган ҳамда унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганди.

2018 йилнинг июлида Бош прокуратура собиқ бош прокурор иши бўйича 24 кишига айблов эълон қилинганини ҳақида хабар берган. 2019 йил 7 январь куни эса Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Рашитжон Қодиров устидан ёпиқ суд жараёни бошланган. Бош прокуратуранинг ўша вақтдаги жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Сурайё Раҳмонова мазкур жиноят иши ёпиқ тарзда тергов қилингани, жиноят иши суд юрисдикциясида бўлиб, жамоатчиликка қай тарзда маълумот бериш масаласини суд ҳал қилишини билдирган.

Бош прокуратура, шунингдек, Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг маҳаллий ҳукуматни собиқ бош прокурорнинг эркин ва адолатли суд қилинишини кафолатлаш ҳамда уни мустақилик кузатувчилар ва экспертлар учун очиқ қилишга чақирган баёнотига жавоб қайтарган.

«Рашитжон Қодиров соғлиғининг ҳолати қамоқда сақлашга тўсқинлик қилмаслиги маълум бўлган ва унда ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган», — дейилган унда.

Рашитжон Қодиров 2000—2015 йилларда бош прокурор лавозимида ишлаган, 2015−2017 йилларда Конституцион суд судъяси бўлган.

Маълумот учун, Қодировдан ташқари Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ҳам бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 2019 йилда 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Шунингдек, яна бир собиқ бош прокурор Отабек Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.