Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, «Док-1 Макс» сиропини қабул қилиб вафот этган болалар ҳақида биринчи бўлиб хабар берган профессор Маматқул Азизов ишдан бўшатилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, марказ бош шифокори лавозимига қайта тикланиши мумкин.

«Бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. Юристларимиз ишлаяпти, хулоса қилади, ўрганади ва якуний расмий хабарни берамиз. Иш бошланган, лекин якунланмаган. Бу бироз вақт талаб қилади», — дейилади ССВ матбуот хизмати маълумотида.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги «хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлгани, болалар ўлими ҳолатларини ўз вақтида таҳлил қилмагани ва зарур чоралар кўрилмагани учун» етти нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани, қатор мутахассисларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўллангани ҳақида хабар берган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон ишлаб чиқарувчиси Marion Biotech томонидан «Док-1 Макс» дорисини қабул қилган болаларнинг ўлими Маматқул Азизовнинг 15 декабрдаги хатидан маълум бўлган. Унда айтилишича, охирги 2 ойда 21 нафар бемор шу дори воситасини қабул қилигандан сўнг ножўя таъсири билан мурожаат қилган. Бемор болаларда асосан анурия кузатилган.

Маълумот учун, ҳозиргача 20 нафар бола «Док-1 Макс» дориси истеъмоли ортидан вафот этган. Тошкент вилоятида 9 нафар бола сиропдан заҳарланган. Сирдарёда ҳам дори 7 нафар болага ножўя таъсир қилган. Улардан 4 нафари соғайиб чиққан, 3 нафари эса жонлантириш бўлимида даво-муолажаларини давом эттирмоқда.

Декабрь ойида келган «Док-1 Макс» дорилари эса Давлат божхона қўмитаси омборларида сақланмоқда.