Самарқандда тартибни бузиб, қоидаларни менсимаган ҳайдовчига 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, дея хабар бермоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.

Маълум қилинишича, 31 декабрь кунидан 1 январь кунига ўтар кечаси соат 01:00 ларда шаҳарнинг «Хўжа Аҳрор Валий» кўчасида давлат рақам 01 L700 OA бўлган Mercedes-Benz автомобили ҳайдовчиси Р. А. (1987 й. т.) атрофдаги фуқаролар эътиборини жалб этиш мақсадида хавфли бўлишига қарамасдан турли манёврлар билан дрифтлар бажарган.

«Жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини бузганлиги етмагандек, уни тартибга чақиришга уринган ходимларнинг ҳам қонуний талабларига бўйсунмаган», — дейилади хабарда.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар 3 январь куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан ўрганилиб, фуқаро Р. А.нинг хатти-ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-модда (Майда безорилик), 194-модда 1-қисм (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд деб топилди.

Унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.