Air Astana авикомпаниясининг Тошкент — Олмаота рейси самолёти турбулентлик ҳудудига тушиб қолиши оқибатида 7 нафар йўловчи жабрлангани хабар қилинганди. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги уларнинг 3 нафари Ўзбекистон фуқаролари эканини маълум қилди.

Самолётни Олмаота аэропортида йўловчиларга ёрдам кўрсатиш учун тез ёрдам машиналари кутиб олган. Ҳаво кемаси қўнганидан сўнг 2 нафар йўловчи тиббий ёрдам сўраган ва улар Олмаотадаги шифохоналардан бирига кўрикдан ўтиш учун юборилган.

Кўрикдан сўнг синган тан жароҳатлари қайд этилмаган, тиббий ёрдам кўрсатилгач, йўловчилар касалхонага ётқизишдан бош тортишган.

Қозоғистон фуқаро авиацияси қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу факт ваколатли органлар томонидан текширилади ҳамда натижалари бўйича кейинроқ қўшимча ахборот берилади.

Ўзбекистон дипломатлари жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун етказилган 4-сонли шаҳар клиник шифохонасида бўлди, деб ёзади «Дунё».

Бош консулхона маълумотига кўра, 12 ёшли фуқаронинг ҳеч қандай шикояти йўқ ва унга уйига боришга рухсат берилган. Унинг онаси ҳам шифокорлар кўригидан ўтиб, яшаш жойига кетган. Қўлидан енгил жароҳат олган яна бир Ўзбекистон фуқароси ҳам вақтинчалик яшаш жойига жўнаб кетган.

«Air Astana вакилларининг айтишича, Ўзбекистон фуқароларига ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган барча дори-дармонлар авиакомпания ҳисобидан харид қилинган. Бош консулхона ходимлари жабрланган ўзбекистонликлар билан зарур консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун доимий алоқада бўлиб турибди», — дейилади хабарда.