Бугун, 2 январь куни республиканинг шимолий ҳудудларига Кавказ ҳудудларидан антициклон кириб келиши кутилмоқда, дея хабар қилди Ўзгидромет матбуот хизмати.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади, шунингдек айрим тоғли ҳудудларда бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин. Фронт ўтишида республика бўйича баъзи жойларда шамол 17−22 м/с гача кучаяди. Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди, кундузи ҳаво ҳарорати +2…+7 даража бўлади.

3 январь куни антициклон республиканинг барча ҳудудларини қамраб олади, Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда кучли бўлади. Сурхондарё вилоятида ёғингарчилик кутилмайди. 17−22 м/с гача кучайган шамол баъзи жойларда ҳали ҳам эсади, Навоий, Жиззах вилоятларининг айрим жойларида эса 25−30 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси −2…+3, кундузи — 0…+5 даража бўлади.

4 январда антициклон чекина бошлайди. Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечаси ва эрталаб Ўзбекистоннинг марказий ва шарқий ҳудудларида ёғингарчилик бўлиши сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечаси −2…+3, кундузи +3…+8 давража бўлади.

5 январда республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Кундузи ҳаво ҳарорати +7…+12, мамлакат жанубида +15 даражагача кўтарилади, кечалари −3…+2 даража бўлади.

Ҳафтанинг охирига келиб, мамлакатга Туркманистон ҳудудларидан нам ва нисбатан илиқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. 6 январда республика ҳудуди бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати кечалари +4…+7 даражагача кўтарилади, кундуз кунлари +5…+10 даража атрофида бўлади.

Ушбу кунларда кечаси ва эрталаб республика бўйича баъзи жойларга туман тушади.

2−4 январда республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.