1 январь куни «Бухоро-Тошкент» рейсининг Afrosiyob поездининг тўхтаб қолганини ўрганиш мақсадида ташкил этилган идоралараро экспертлар гуруҳи ҳодиса сабабларини маълум қилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабарига кўра, контакт симининг узилишига темир йўл яқинида учирилган бегона жисм — «осмон фонуси»нинг тўқнашиши натижасида вужудга келган қисқа туташув сабаб бўлган.

«Осмон фонуси» электровознинг пантографига урилиб, қисқа туташувга, бу эса, ўз навбатида, контакт симининг қизишига олиб келган ва бунинг оқибатида электровоз электр таъминотидан узилиб қолган.

Темир йўл компанияси фуқаролардан темир йўл худудларида ҳамда поездлар яқинида бундай буюмлардан фойдаланмасликни сўради.

«Мазкур ҳолатдан кўриниб турибдики, биринчи қарашда зарарсиз нарсалар ҳаракат хавфсизлигига таъсир қилиши ва жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин», — дейилади хабарда.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ поезд Тошкент вилоятининг Чиноз туманида тўхтаб қолгани ҳақида ёзган эдик. Йўловчиларни Тошкентга етказиш учун Afrosiyob захира поезди жўнатилди. Йўловчиларга чипталар пулини қайтариш ваъда қилинган.