2020 йил дунё гуё тарихий қўлланмаларда яшаб ўтгандек: пандемия миллионлаб инсонларни олиб кетди, локдаун қадриятларни қайта кўриб чиқишга ундади, 2021 йилнинг охирида Ўзбекистон пойтахти ва бошқа ҳудудларини чанг бўрони қамраб олди, бу эса экологик вазиятдан ташвишларимизни янада орттирди. Марказий Осиё учун ортда қолган йил Қозоғистондаги январь воқеалари ва минтақанинг йирик энерго тизимидаги авария билан ёдда қолди. Россия Украинага бостириб киргандан сўнг, у ердан бошқа мамлакатлар фуқароларини эвакуация қилиш бошланди, кейин русларни минтақа давлатларига кўчиб ўтишлари кузатилди. 2022 йилнинг ёз ойлари эса Қорақалпоғистондаги фожиали воқеалар, йил якуни эса — қайта такрорланган энергия инқирози билан хотираларимизда из қолдирди. «Газета.uz»да эълон қилинган йилнинг энг муҳим воқеалари — суратларда.

26 январдаги блэкаут Ўзбекистон учун йил бошида энг муҳим воқеа бўлди. Мамлакат энергетика тизимидаги авария Жанубий Қозоғистоннинг қисман энергиясизланишига, Ўзбекистон ва Қирғизистонда электр энергиясининг тўлиқ узилишига олиб келди. Энергия таъминоти тўлиқ тикланиши учун Қозоғистонга — тўрт соат, Қирғизистонга — бир суткадан кўпроқ, Ўзбекистонга эса — тўрт суткадан кўпроқ вақт талаб этилди.

2022 йил, ўзбекистон, фото, энг муҳим воқеалар

11 февраль куни Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги 3 қаватли «Зитерия» даволаш-диагностика марказида газ портлаши юз берди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, воқеада 1 киши ҳалок бўлди, яна 11 киши жароҳат олди.

2022 йил, ўзбекистон, фото, энг муҳим воқеалар

Тошкентликлар учун 2022 йил кўчалар ва чорраҳаларни кенг миқёсда реконструкция қилиш билан эсда қолди. Шаҳар маъмурлари тирбандликлар муаммосини ҳал этиш учун йил давомида 140 та чорраҳани қайта ташкил этмоқчи эди, бироқ бу рақамга эришилмади. Жамоатчилик вакилларининг эътирозларидан сўнг Навоий кўчаси (суратда) реконструкцияси ҳам қайта кўриб чиқилди. Унга россиялик мутахассислар — таниқли урбанист Аркадий Гершман ва транспорт инжерени Александир Девяткин жалб этилди. Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, реконструкция қилинган чорраҳаларда ЙТҲлар содир бўлмади. Лекин шаҳар — кўчалар марказида автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш ва тезликни кескин пасайтириш каби — жиддийроқ чораларни қабул қилолмади. Фақатгина йил охирига келиб, президент топшириғидан сўнг пойтахт кўчаларида автобуслар учун алоҳида йўлаклар ажратила бошлади. Улар қандай ишлашини эса албатта, вақт кўрсатади.

Россия томонидан Украинага қарши уруш бошлангач, ушбу мамлакатда истиқомат қилувчи кўплаб ўзбекистонликлар ҳукумат ташкил қилган эвакуациявий рейслар ёрдамида ватанга қайтарилди. Биринчи рейс Тошкентга 1 март куни қўнди. Жами эвакуация қилинганлар 6030 нафарни ташкил этди.

20 апрелдаги кучли ёғингарчиликлар Жиззах ва Самарқанд вилоятларида сел ва сув тошқинларига сабаб бўлди. Жиззахда икки соат ичида йиллик ёғингарчилик миқдорининг 10 фоизи ёғиб ўтди, бунинг оқибатида юзага келган сел Эгизбулоқда 5 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 50 дан ортиқ уйлар бузилиб кетди. Яна 200 та атрофида уйга зарар етди. Ўшанда «Газета.uz» воқеа жойидан фоторепортажларни (1, 2, 3, 4) эълон қилганди

Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича лойиҳада Қорақалпоғистоннинг суверен мақомини ўзгартириш таклифи Нукусда 1−2 июль фожиавий воқеаларига сабаб бўлди. Аҳолининг кўплаб мурожаатларига ҳукуматнинг жавоб бермагани интернет ўчириб қўйилиши фонида республикадаги вазиятни янада таранглаштирди. 10 минглаб одамлар кўчаларга чиқди. Воқеалар иштирокчиларини тарқатиш учун махсус воситалар — кўзни ачиштирувчи ва тутунли граната, резина ўқлар қўлланилди. Одамлар яқинида портлаган гранаталар жароҳатлар ва ўлим билан боғлиқ ҳолатларга олиб келди. Жанговар ўқ дорилардан ҳам фойдаланган ҳолатлар кузатилди. Тергов ишлари ҳамон давом этмоқда.

2022 йил, ўзбекистон, фото, энг муҳим воқеалар

Ўзбекистон тарихда илк бор Ҳиндистонда ўтган шахмат олимпиадасида ғолиб бўлди. Эркаклар жамоаси турнир давомида бирор марта мағлуб бўлмаган ягона жамоа бўлиб қолди.

2022 йил, ўзбекистон, фото, энг муҳим воқеалар

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев август ойида Саудия Арабистонига ташрифи чоғида Умра амалларини бажарди.

2022 йил, ўзбекистон, фото, энг муҳим воқеалар

«Зангиота-2» ихтисослаштирилган шифохонаси негизида биринчи Taskin болалар хосписи очилди. Муассасада бедаво касалликка чалинган беморларга бепул паллиатив ёрдам кўрсатилади.

Сентябрь ойида Тошкентда 5 йиллик реконструкциядан сўнг собиқ Ўзбекистон Миллий боғи очилди. Боғда кўплаб дарахтларга шикаст етказилгани ва каллаклаб ташлангани, собиқ «Комсомол кўли» эса кичкинароқ шаклга келиб қолгани маълум бўлди.

2022 йил, ўзбекистон, фото, энг муҳим воқеалар

14−17 сентябрь кунлари Самарқанд Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига мезбонлик қилди. Унинг арафасида бир неча йил шаҳар реконструкция қилинди, янги аэропорт ва Самарқанд вилоятида «Боқий шаҳар» бунёд этилди.

2022 йил, ўзбекистон, фото, энг муҳим воқеалар

Тошкент ва бир қатор ҳудудлар кенгашлари депутатлари рухсат этилган транспорт ҳаракати тезлигини 70 км/соатдан 60 км/соатгача, айрим кўчаларда эса — 50 км/соатгача камайтиришни маъқуллади. Бироқ аввалига депутатлар тезликни пасайтириш нима учун кераклигини тушунишмаганди. Танқидлардан кейин эса қабул қилишларига тўғри келди. Шунга қарамасдан тезликни пасайтириш тўғрисидаги қарор ҳануз кучга кирмади, уни бош вазир бошчилигидаги республика комиссияси тасдиқлаши кутилмоқда.

2022 йил, ўзбекистон, фото, энг муҳим воқеалар

18 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёевга Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси тақдим этилди. Лойиҳада пойтахтнинг шарқида Чирчиқ ва Қорасув дарёлари орасида қурилиши режалаштирилган «Янги Тошкент» шаҳри концепцияси ҳам акс этганди. Биз лойиҳанинг батафсил таҳлилини эълон қилгандик.

2022 йил, ўзбекистон, фото, энг муҳим воқеалар

Октябрь охирларида Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қисмнинг қурол-яроғ омборида портлаш юз берди. Ўнлаб инсонлар жароҳат олди, 3742 та уй ва нотурар биноларга зарар етди. Ҳокимият аҳолига биноларни таъмирлаш ва янги ойналар ўрнатишди кўмаклашди.

Ноябрь ойида Парижнинг Лувр музейида «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмаси очилди. Унда Ўзбекистон ва Франция президентлари Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон ҳам иштирок этди.

2022 йил, ўзбекистон, фото, энг муҳим воқеалар

Жорий йилнинг сентябрида Москвадан Тошкентга кўчиб келган Доминик Мажинтас ва Евгения Рибакова Чорсу бозорида тўй фотосессиясини ўтказишди. Уларнинг суратлари тармоқларда жуда машҳур бўлди. Улар «Газета.uz»га бу ғоя қандай туғилгани ҳақида сўзлаб беришди.

Ноябрь охирларида Бухорода Нукусдаги июль воқеалари бўйича қўзғатилган жиноят ишини судда кўриб чиқиш жараёнлари бошланди. Судланувчилар ўриндиғидан — 22 киши, шу жумладан, журналист ва блогерлар, ўқитувчи, ишсиз фуқаро, спортчи ва Қорақалпоғистон ИИВ ходими жой олган.

Ўзбекистонда декабрь ойи бошидаги муҳокамаларга сабаб бўлган асосий мавзу — энергетика инқирози бўлди. Об-ҳаво кескин тушиб кетиши ортидан газ ва электр энергиясига бўлган эҳтиёж ортиши бутун мамлакат бўйлаб энергия узилишларига олиб келди. Газ «заправка»лар фаолияти чекланди. Кунлар исиши билан ушбу вазият яхшилана бошлади.

2022 йил, ўзбекистон, фото, энг муҳим воқеалар

Энерго инқироз фонида ҳукумат Тошкентнинг жамоат транспорти муаммосига эътибор қаратди. Муаммони ҳал этиш учун президент куч ишлатар тузилмалар — ИИВ, ФВВ ва Миллий гвардияни жалб қилишни топширди.

2022 йил, ўзбекистон, фото, энг муҳим воқеалар

Дунё Ўлмасова (25.10.2019 — 25.10.2022), Муҳаммаджон Турсунқулов (10.02.2021 — 06.12.2022), Эъзоза (27.06.2020 — 28.11.2022). Фото: «Xabar.uz».

Декабрнинг энг фожиали воқеаси, албатта, Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган ва «QURAMAX MEDIKAL» МЧЖ томонидан Ўзбекистонга олиб кирилган шамоллашга қарши дори воситалари, жумладан «Док-1 Макс» сиропидан 18 киши вафот этди.

Ҳукумат зудлик билан текширув ўтказиб, «Док-1 Макс» таркибида заҳарли модда — этиленгликоль борлигини аниқлади, бироқ нима учун дори воситаси мамлакатга олиб кирилишидан олдин текширилмаганига изоҳ берилмади. Шундан сўнг ҳинд компаниясига қарши жиноят иши очилди, унинг дорилари савдодан қайтариб олинди. ССВ ҳолатдан анча вақт ўтибгина аҳолини SMS хабарнома орқали огоҳлантира бошлади. Бу орада эса ўн тўққизинчи ва йигирманчи ўлимлар ҳам қайд этилди. Фарғонада «Док-1 Макс» сиропидан заҳарланган яна бир 3 ёшли бола даволанаётгани маълум бўлди.