Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири, журналист Ибрат Сафо.

Яқин орада ўқилган китоблардан тавсиялар

Сўнгги уч-тўрт йил ичида мумтоз адабиётга қизиқиб қолдим. Бу асарларнинг баъзиларини ўсмирлигимда ўқиганман, лекин одам ёши ўтгани сари бир асарни икки хил талқинлар экан. Ҳар ҳолда, менда шундай бўляпти. Яқинда Тошкентга борганимда, «Академнашр»нинг дўконидан бир қанча китоблар орасида Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» асарини сотиб олдим. Дўконда туриб нашриёт изоҳини ўқиб кўрсам, бу янги китоб асарнинг 1936 йилдаги илк нашри матнига мослаб тайёрлангани ёзилибди. Демак, оригиналига яқин, қайта ўқиш керак, дедим. Ўсмирлигимда уни бир эртакдек ўқиганман — унинг нақадар буюк асар эканини на англаган, на қадрлаган чиқибман.

ибрат сафо, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз

«Кеча ва кундуз»ни қайта ўқиб, Чўлпон тенги йўқ ёзувчи эканини тушундим. Унинг ҳар бир қаҳрамонни қандай тасвирлаши — ўрису сарт, бою камбағал, мингбошию хизматкор, жоҳилу жадидларга бу қадар нозик таъриф бериши билан мени бу сафар китоб ўз комига тортди. Романда бир неча қизиқ услублар қўлланган — мисол учун, поезддаги кундалик услуби. Унда адиб Марям ва Мирёқубнинг ўйларини кундалик тарзида бизга етказади.

Уни ҳар биримиз қайта-қайта ўқисак арзийди, чунки 100 йил аввал миллатимиз қай аҳволда бўлганини биламиз. Жадидларни кўп гапирамиз, лекин Чўлпон бу асарда уларнинг капиталист ва социалист турларини ҳам изоҳлайди. «Маданиятсиз халқ»нинг мингбошилари, имом ва эшонлари рус нойиб тўраларга қанчалар итоаткорлиги, қулдек кўрилган «миллат» вакилларининг ўзаро зиддиятлари, сиёсий ўйинлардан тортиб ҳар бир оиладаги маиший машмашаларни ҳам Чўлпон ўта зўр тасвирлаган. Тарих такрорланади, деб тўғри айтганлар. Китобдаги имомларнинг рус нойиб ва мингбошилар буюртмаси билан жума намозидан кейин халқни аллалашлари, аминманки, кўпларга бугунни эслатади.

Охирги йилларда миллатимиз тарихидан сўзловчи китобларга қизиқишим ортган, чунки англадимки, мактабда бизга тарихни нотўғри ўргатганлар.

Қуйидаги учта китоб ҳам хорижда, инглиз тилида нашр этилган. Уларни ўқирканман, холисона ёндошув ва ҳақиқий изланишни сездим:

  • Adeeb Khalid. «The Politics of Muslim Cultural Reform. Jadidism in Central Asia». University of California Press нашриёти. 1999 йил. 400 саҳифа;
  • Alexander Morrison. «The Russian Conquest of Central Asia: A Study in Imperial Expansion, 1814−1914». Cambridge University Press нашриёти. 2021 йил. 640 саҳифа;
  • Aminat Chokobayeva, Cloe Drieu, Alexander Morrison. «The Central Asian Revolt of 1916: A Collapsing Empire in the Age of War and Revolution». Manchester University Press нашриёти. 2019 йил. 384 саҳифа.

ибрат сафо, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз

Учала китоб ҳам Марказий Осиё тарихини рус империалист ва ориенталистча экзотик контекстдан ташқарида таҳлил қилишга урингани билан эътиборимни тортди. Учови ҳам осонликча ўқилмайди — маълумот жуда кўп, шу сабаб бобдан бобга сакраб, учовини ҳам ҳали тўлиқ ўқиб тугатганим йўқ. Рўйхатдаги учинчи китоб муаллифларидан бири Клое Дрию Жиззах қўзғолони ҳақида жуда қизиқ маълумотларни берган. У билан 1916 йилги қўзғолон ҳақида интервью ҳам қилдим. Бу қўзғолон ҳақида 1950 йиллардан бери ҳеч қандай китоб нашр этилмаган экан.

ибрат сафо, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз

Авваллари қўзғолонга оқ пошшонинг ўрта осиёлик эркакларни Биринчи Жаҳон урушига мардикор сифатида сафарбар қилиш ҳақида фармойиши сабаб бўлган дейиларди, лекин, бу китоб муаллифлари фикрида, асл сабаблар бошқа. Уларга кўра, халқ кўтарилишига ер ислоҳоти (масалан, унумли ерларнинг Россиядан кўчириб келтирилган аҳолига тортиб олиб берилиши, янги солиқлар) сабаб бўлган. Бу интервьюни кўришни ва китобларни ўқишни тавсия қиламан, чунки бу даврда ўзгаришлар жуда тез ва жуда кўп бўлган ҳамда бугунги кимлигимизни шакллантирган.

ибрат сафо, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз

Александр Моррисоннинг эса бизнинг онгимизга сингдирилган «катта ўйин» — икки империя тўқнашуви қанчалар бўрттриб кўрсатилгани ва бу рус/совет раҳбарияти учун қанчалар манфаатли бўлгани ҳақидаги фикрлари ҳам қизиқ бўлди.

ибрат сафо, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз

Ватанимиз тарихидан ташқари мен Испания тарихига оид китобларни ҳам қизиқиб ўқийман. Яқинда Жеральд Бренаннинг «South from Granada» асарини маза қилиб ўқидим ва андалусиялик испанлар нақадар ўзбекларга ўхшашига яна бир бор амин бўлдим. Бренан ғаройиб шахс бўлган. Биринчи Жаҳон урушидаги ҳарбий хизмати учун олган тўлов билан у Англияни тарк этиб, буткул ўзга мамлакатда қўним топишга қарор қилади. Бунинг учун у мен севадиган Алпуҳарра тоғларидаги қишлоқни танлайди. Асарда у тоғу тошлар оралаб пиёда юриб йўлиққан саргузаштлари билан бир қаторда маҳаллий халқнинг ўзига хосликлари ва ҳатто ўсимликларини ўрганган. Уни кўришга Англиядан бир неча адиблар дохил Виктория Вулф ҳам келади. Йегенга Ланхарондан эшакларда ўтиш саҳнаси ўқиб кўп кулдим. Тоғнинг тепасида, қояларга осилган Ланхаронга кўп бораман ва унинг атрофида эшакда ҳаракатланишни тасаввур қилолмайман, чунки ҳатто машина зўриқади.

ибрат сафо, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз

Шунга ўхшаш, лекин яқинроқ ўтмишни тасвирлаб ёзилган асар Крис Стюартнинг «Driving over lemons» китобидир. Ундан андалусияликлар ҳақида кўп нарса ўргандим. Нега у ердаги қишлоқ одамлари сув сероб бўлса-да, суғориш сабаб кўп жанжаллашади, деб ўйлардим. Китобда бу анъана ажойиб тарзда изоҳланган. «Сен суғоришни билмас экансан» дегани алпуҳарраликлар учун энг даҳшатли ҳақорат экан. Крис Стюарт газсиз, электрсиз, ҳеч қандай замонавий қулайликларсиз ўзи ва оиласига кичик испан қишлоғида ҳаёт яратар экан, саргузаштларини ҳажв аралаш қоғозга туширган. Натижа — жуда тез ўқиладиган асар.

ибрат сафо, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз

Рус ёзувчиларидан Владимир Набоков ва Михаил Булгаковни тавсия қилган бўлардим. Мумтоз асарларни қайта ўқиш одатимга кўра, яқинда «Уста ва Маргарита» ва «Ит юраги» асарларини яна ўқидим. Тўғрироғи, 15 ёшимда «Уста ва Маргарита»даги саҳналардан қўрқиб, тугатолмагандим. Аммо бу сафар ўзгача бир ихлос билан ўқиб битирдим. Унинг талқинлари кўп, баъзилар сиёсий талқин ҳам беради. Қандай талқин берманг, унинг ёзилиш услуби, ундаги бой фантазия, фантастик қаҳрамонлар мени ўзига ром қилди.

ибрат сафо, китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз

Ёшларга тавсия

Ёшлар (18−30 ёш орасидаги йигит-қизлар) ўқиши тавсия этиладиган 10 китоб рўйхатини бермаганим яхши, деб ўйлайман. Чунки ҳар ким менинг қизиқишим эмас, ўз қизиқишига қараб китоб танлагани яхши. Лекин, ўқиш керак. Китоб ёқмаса, тугатиш шарт эмас, бошқасига ўтинг — менда бу кўп бўлган. Асосийси — ўқиш, ўрганиш, уқиш. Болалигимда ҳар якшанба куни онам билан бозор қилгач, Шовотнинг Қалъа деган жойидаги ажойиб китоб дўконига кирардик ва онам албатта битта китоб олиб берардилар.

Китобга ихлосни ота-оналар болаликдан фарзандларига сингдирсалар, фикримча, улар кенгроқ дунёқараш ва фантазия билан улғаядилар.