Ҳайит, Наврўз, Мустақиллик ва Янги йил каби умумхалқ байрамлари арафасида оиласи бағрига ошиққан минглаб одамлар пойтахтдан вилоятлар томон йўлга чиқади. Бу вақтда транспортга бўлган талабнинг каррасига ошиши чипта етишмовчилиги ва нарх ошишини келтириб чиқаради. Анъанага айланиб қолган ушбу ҳолат бўйича аҳоли эътирозлари жорий йилги Янги йил байрами арафасида газ ёнилғиси етишмовчилиги билан боғлиқ вазият сабаб айниқса долзарброқ кўриниш олди. «Газета.uz» мухбирлари Тошкентнинг темирйўл ва автовокзалларида бўлиб, вазиятни ўрганди.

«Кунига 1,5−1,8 минг йўловчига хизмат кўрсатилмоқда»

Тошкентдан вилоятларга автобус ва такси қатновлари амалга ошириладиган автовокзал мажмуасини тасарруф этувчи Uzavtovokzal Servis унитар корхонаси бош директори вазифасини бажарувчи Фарҳод Йўлдошевнинг сўзларига кўра, 5 декабрдан бошлаб йўловчилар оқими ортган.

«Дастлаб 8 декабрь, кейин Янги йил байрами арафасида йўловчилар сони кескин кўпайди. Кунига 8−12 тагача автобус қўйиляпти ва суткасига 1,5 минг-1,8 минг кишига хизмат кўрсатилмоқда. Навоий ва Бухоро вилоятлари, Сурхондарёнинг Термиз шаҳри ва Узун, Денов туманларига қўшимча автобус рейслари ташкил қилинган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Транспорт вазирлиги қошидаги инспекция ва ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда нархларнинг асоссиз оширилишининг олдини олиш бўйичаҳтадбирлар ҳам ўтказилмоқда. «Кўчалардаги таксистлар билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Автобуслар эҳтиёжга, йўловчилар оқимига қараб, қўйиб берилмоқда», — деди Фарҳод Йўлдошев.

Таъкидланишича, нархларни сунъий равишда ошириш ҳолатларига гувоҳ бўлган ёки бевосита шундай жараён иштирокисига айланган фуқаролар туну кун ишлайдиган Call-марказ — 71 207 87 00 рақамига қўнғироқ қилса, дарҳол қатъий чоралар кўрилади.

«Қўшимча вагонлар уланиб, йўловчилар манзилига етказилмоқда»

O’ztemiryo’lyo’lovchi компанияси бошқарма бошлиғи Ҳусан Маликовнинг таъкидлашича, Янги йил байрамига яқин поезд чипталарига бўлган талаб ошган.

«Байрам яқинлашган сари Тошкентдан республиканинг барча ҳудудларига йўловчиларнинг қайтиши кескин ортиши сабабли темирйўл чипталарига ҳам талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Бу борада барча йўналишларга йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилган. Фуқаролар бугунги кун учун чипта топа олмаса, эртасига улар албатта чипта харид қилиши мумкин, бу борада амалий ишлар қилинмоқда», — деди Маликов.

Унинг қайд этишича, барча йўловчи поездларга 4−5 тадан вагонлар уланиб, йўловчилар манзилига етказилмоқда.

«Ўтган йили байрам арафасида кунига ўртача 13 мингга яқин йўловчи ташилган бўлса, бу йилда мазкур рақам 16 минг нафарни ташкил этмоқда. 2022 йил 28 декбрь ҳолатига кўра, 47 мингдан ортиқ талаба 50 фоизли чегирма асосида чипта сотиб олган. Шундан 23 мингга яқини онлайн харид қилган», — деди у.

Репортажни «Газета.uz»нинг YouTube`даги расмий саҳифаси орқали тўлиқ томоша қилиш мумкин: