АОКАда 29 декабрь куни Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Севара Убайдуллаева иштирокида ўтказилган брифингда «Док-1 Макс» каби бошқа сироплар таркиби ҳам чуқур ўрганилаётгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, фуқаролардан шифокорлар кўрсатмасисиз, уй шароитида, ўзбошимчалик билан турли сироплардан фойдаланмасликлари сўралади.

«Фарзандингизда ҳар қандай касаллик аломатлари кузатилса, оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникага, педиатр ёки тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат этинг. Чунки шифокорлар ҳар бир дори воситаси таркибини чуқур ўрганиб, сўнг болаларнинг ёши, вазни ва бошқа кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда, зарур муолажаларни тавсия қилади», — деди мутахассис.

Шунингдек, у болалар орасида шамоллаш, диарея ва тана ҳарорати кўтарилиши кузатилганида «Док-1 Макс» сиропидан фойдаланилгани, энди унинг ўрнига қайси дори воситаларидан фойдаланиш борасида тавсия берди.

«Болалар орасида шамоллаш, диарея ва тана ҳарорати кўтарилиши кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат этинг ёки тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилинг. Шифокор тавсиясисиз ҳеч қандай дори воситаларини қабул қилмасликни сўраймиз», — деди Севара Убайдуллаева.

«Шифокор уйга келгунига қадар болага кўп миқдорда суюқлик ичиринг. 5 ёшгача бўлган ўғил-қизлар кунига 1−1,5 литр суюқлик, масалан, 1 литр қайнатилган сувга 1 чой қошиқ шакар ва 1 чой қошиқ туз қўшиб, илитилган ҳолда, кам-камдан истеъмол қилиши тана ҳарорати тушишига ёрдам беради», — деди у.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, диарея ва шамоллаш аломатлари камайиб, пешобдан турли токсинлар ёки вируслар чиқиб кетиши кузатилади. Энг муҳими, болаларда қон қуюлиши ва сувсизланишнинг олди олинади. Бу эса ўткир буйрак етишмовчилигига барҳам бўлади.